ЖССТ узоқ муддатли карантиндан сўнг давлатлар ўртасидаги чегаралар очилишини қўллади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти давлатлар ўртасидаги чегаралар очилишини қўллади ва бунинг учун амалга оширилиши лозим бўлган масалаларга тўхталиб ўтди. Ташкилот бош директори Тедрос Аданома Гебреисуснинг сўзларига кўра, давлатлар коронавирус билан боғлиқ вазиятни мамлакат ичида назорат қилишлари керак. Бу ҳақда Lenta.ru нашри хабар берди.

“ЖССТ иқтисодиёт ва жамиятлар очилиши йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни тўлалигича қўллайди. Биз, болалар мактабга, одамлар иш жойларига қайтаётганини кўришни хоҳлаймиз. Бироқ бу нарсалар хавфсиз шароитда амалга оширилишини истаймиз. Мамлакатлар қанчалик вирусни назорат қила олса, шунчалик очилишлари мумкин. Назоратсиз очилиш – бу фожиа учун йўлланма”, деди у.

Шунингдек, ЖССТ мутахассисларининг фикрига кўра, ҳар бир давлат одатий ҳаётга қайтиш учун амалга ошириш лозим бўлган тўрт босқични санаб ўтди. Биринчидан, кўп сонли одамлар тўпланадиган жойлардаги вирус тарқалишининг олдини олмоқ даркор: стадион, концерт ва бошқа оммавий йиғилишлар. Иккинчидан, касалликка чалиниш хавфи юқори бўлган аҳоли қатламини хавфдан ҳимоя қилиш, бу нарса ўлим ҳолатини камайтиришга имкон беради. Учинчидан, ҳар бир шахс хавфсизлик чораларига риоя этиши керак: ниқоб тақиш, ижтимоий масофа сақлаш ва қўлларни ювиш. Тўртинчидан, ҳукумат тест таҳлиллари ўтказилишини, касалланганларни даволашни ва бемор билан мулоқотда бўлганларни алоҳидалашни давом эттириши лозим.