Кафтархонада ноқонуний авиакасса аниқланди. Улар 24 фуқарога қалбаки чипта сотган

Ш.Алиқулова Россияга бориш учун зарур тайёргарликни кўрди, аввало, чипта сотиб олиб, сўнг нарсаларини жойлаштирди. Белгиланган вақтда яқинлари, қариндошлари билан хайр-хўшлашиб, аэропортга келиб, чипталарни расмийлаштириш бўлимига келганида, ходимнинг гапини эшитиб, қулоқларига ишонмади. «Наҳотки? Чипта ҳам қалбаки бўлиши мумкинми? Ахир уни фалон пулга авиакассадан сотиб олгандим-ку!».

Ўша куни учиб кета олмаган Ш.Алиқулова дарҳол бу ҳақда ички ишлар бўлимига хабар қилади.

Чипта сотиб олинган жой, яъни Самарқанд шаҳридаги Кафтархона кўчасида бу пайтга келиб авиакассанинг изи ҳам йўқ эди. Суриштирув натижаларига кўра, фирибгарлар вақтинча жойни ижарага олиб, авиакасса сифатида бирмунча вақт фаолият кўрсатган.

 "Бузоқнинг қочгани сомонхонагача", дейишади. Тезкор тадбирлар натижасида фирибгарларнинг шахси аниқланди. Улар 24 нафар фуқарога Туркия ва Россия давлатларига авиачипта сотишга улгурган.

Айни кунда тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда. Жабрланувчиларга пулларини қайтариш ишлари олиб борилмоқда.

Анвар ДОНИЁРОВ,

Самарқанд вилоят ИИБ транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлими катта терговчиси.