Камтар журналистнинг камтарона меҳнати эътироф этилди
Вилоят «Матбуот уйи»да кўп йиллар «Овози Самарқанд» газетасида фаолият кўрсатган мухбир, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Жамшид Обидовнинг 60 ёшга тўлиши муносабати билан маънавий-маданий тадбир ташкил этилди.
Тадбирга узоқ йиллар давомида оммавий ахборот воситаларида фаолият олиб борган фахрий журналистлар, шунингдек, айни кунларда газета ва журналлар, телерадиоканалларда фаолият кўрсатаётган соҳа фидойилари, кенг жамоатчилик вакиллари, журналистнинг яқинлари ҳамда маҳалладошлари иштирок этди.
Тадбир давомида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари таҳририяти бош муҳаррири Фармон Тошев сўзга чиқиб, мамлакатимизда сўз эркинлигига, хусусан, оммавий ахборот воситаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани, ахборот воситаларини эркин фикр минбарига, халқимиз манфаатларининг фаол ҳимоячисига айлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида гапирди. Шундан сўнг фахрий журналистлардан Толиб Юнусзода, Раҳматулло Шарифзода ва бошқалар Ж.Обидовнинг касбий маҳорати бугунги ёш ижодкорларга тажриба мактаби экани, унинг билим ва салоҳиятидан кўпроқ фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.
«Овози Самарқанд» газетаси бош муҳаррири Баҳодир Раҳмонов журналистнинг ижодий фаолияти ҳақида, унинг жамоадаги ўрни ва мавқеи, журналистик фаолиятидаги эътиборга молик жиҳатлари тўғрисида сўз юритиб, ижодкорнинг фаолиятидаги қизиқарли воқеа ва ҳодисалар ҳақида гапирди.
Тадбирда Ж.Обидовга Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими ва «Овози Самарқанд» газетаси жамоаси томонидан эсдалик совғалари берилди.
Тадбир якунида «Овози Самарқанд» газетасининг жамоатчи мухбири Раҳматулло Шарифзодага Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига қабул қилинганлиги ҳақидаги аъзолик гувоҳномаси топширилди.
Шохруҳ АШУРОВ.