Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлимига янги раис сайланди

Ҳар бир журналист, мухбир, блогер, умуман, ижод аҳли бугунги ахборот тезкорлиги даврида ушбу талабга мос бўлиши керак албатта.

Кейинги пайтда соҳада кўп йиллик тажрибага эга, фахрий журналистлар тажрибаси, салоҳиятидан фойдаланиш, жойларда улар иштирокида учрашувлар, давра суҳбатларини ўтказиш анъанага айланди. Айнан шу каби ишларни Журналистлар уюшмаси ҳудудий бўлимлари амалга оширмоқда.

Бу фикрлар Самарқанд вилояти Матбуот уйида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимининг умумий йиғилишида айтилди. Унда уюшма вилоят бўлимининг 2022 йилдаги фаолияти сарҳисоб қилинди.

– Самарқанд журналистикаси мактаби, унинг тарихи ва ибрати ҳақида кўп айтилади, - дейди уюшма бошқаруви аъзоси М.Ибодуллаев. – Бугун ушбу мактаб фаолияти янада жўшқин давом этяпти. Жумладан, бу йил қатор халқаро ва давлат аҳамиятига эга тадбирлар майдонига айланган Самарқандда мухбирлар, журналист ва блогерларни ўрни яққол кўринди. Улар барча тадбирларни ёритишда фаол бўлди. Бу ишларда албатта, Журналистлар уюшмасининг ўрни катта. Бўлим фаолияти сарҳисоб қилинаркан, мана шу жиҳатларнинг ўзи уюшма йил давомида қандай ишлаганини кўрсатади.

Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. “Зарафшон” газетаси бош муҳаррири ўринбосари – Zarnews.uz веб-сайти муҳаррири Акрам Ҳайдаров Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими раиси вазифасини бажарувчи этиб сайланди.

Йиғилиш якунида бўлим фаолиятига оид бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.