Карантин даврида ИИБ ходимларининг қонуний талабларини бажармаган шахс қамоққа олинди

Ҳозирги кунда ўрнатилган карантин қоидаларига қатъий амал қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Фуқароларимиз бу билан нафақат ўз соғлиғини асрайди, балки ҳозирги вақтда кенг тарқалаётган коронавирус инфекциясини жиловлашга ҳам ўз ҳиссасини қўшади. Афсуски, баъзи шахслар карантин қоидаларини қасддан менсимасдан, юртимиздаги вазиятга нотўғри баҳо берган ҳолда жамоат тартибини бузиб, ИИБ ходимларининг қонуний талабларини бажармаганлигини қандай изоҳлаш мумкин?

2020 йил 13 апрель куни соат 07:10 ларда ҳуқуқбузар Ш.Т. Самарқанд вилояти, Нарпай тумани, Мирбозор қўрғонида ташкил этилган назорат постидан ўтиш жараёнида карантин ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ҳимоя ниқобисиз ўтиб кетаётган вақтида хизмат фаолиятини олиб бораётган ички ишлар органи ходимлари томонидан ниқоб тақиб юриши тушунтирилганида, ИИБ ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, жамоат жойида бақир-чақир қилиб, шу ерда бўлган фуқароларни тинчлиги ва осойишталигини бузган.

Нарпай тумани маъмурий судининг 2020 йил 13 апрелдаги қарорига кўра, ҳуқуқбузар Ш.Т. Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-моддаси 1-қисми, 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, унга нисбатан узил-кесил 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.