Карантин сабаб ота 42,9 миллион сўм алиментни олдиндан тўлади

Фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судининг 2018 йил 8 октябрдаги қарори билан Самарқанд туманида яшовчи фуқаро Б.Ж.га икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш бориш белгиланиб, Мажбурий ижро бюроси Самарқанд тумани бўлими томонидан ижро иши юритилган. Шу вақтга қадар фуқаро Б.Ж. алимент тўловларини истаб-истамасдан, фақат МИБ туман бўлими ходимларининг талаби ва аралашуви билан тўлаб келаётган эди.

Бугун коронавирус пандемиясининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган карантин ва қисман чеклов чоралари шароитида муқим даромади бўлмаган, кам таъминланган ва ижтимоий ҳисояга муҳтож аҳолини  қўллаб-қувватлаш нақадар муҳим эканлигини инобатга олган ҳолда  Бюронинг туман бўлими ходимлари томонидан тушунтириш ва профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу жумладан, қарздор Б.Ж. билан ҳам атрофлича суҳбат ва тушунтириш ишлари ўтказилиб, бугунги синов кунларида фарзандларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳар бир отанинг бурчи экани ётиғи билан тушунтирилди. Бундай маслаҳат ва суҳбатдан ўзига тўғри хулоса чиқарган Б.Ж. шу куни фарзандлари вояга етгунига қадар бўлган 42 миллион 927 минг сўм пулни олдиндан тўлаб берди.

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати.