Карантин тугаганидан кейин пенсионер банк картасидан воз кечиши мумкинми?

❓Карантин режими якунлангандан сўнг пенсионер банк картасига ўтказиладиган маблағнинг суммасини ўзгартириши ёки банк картасидан воз кечиши мумкинми? Мазкур талаб шартномада кўрсатилиши керакми? Пенсионерлар томонидан қўл қўйиладиган ҳужжатнинг амал қилиш муддати қанча?
Ушбу саволга Марказий банк жавоб берди:
✔️Банк карталарини фойдаланишга тақдим этиш тўғрисидаги шартномада шартноманинг мазмунини, банк картаси эмитентининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, банк картаси эгасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ҳисоб-китобларни амалга ошириш шартлари ҳамда шартноманинг амал қилиш муддатини акс эттириши зарур.
✔️Респyбликадаги эпидемиологик ҳолат барқарорлашгандан сўнг фуқаро (пенсионер) Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига мурожаат қилган ҳолда, ўз хоҳишига кўра пенсия пулининг маълум бир қисмини нақд пул кўринишида олиши мумкин.
✔️Ҳозирда пенсионерлар учун картадаги маблағларини банкоматлардан бепул нақдлаштириш, шунингдек, тўловларни нақд пулсиз амалга оширишлари учун барча ҳудудларда тегишли тўлов инфратузилмаси яратилган. Тўловларни масофадан онлайн тарзда тўлаш имконияти ҳам банк карталаридан фойдаланишнинг ўзига хос қулайлиги ҳисобланади.
✔️Халқ банки томонидан босқичма-босқич барча маҳалла фуқаролар йиғинлари бинолари олдида банкоматлар жойлаштириш бўйича ҳам тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.
✔️Шу ўринда, пенсия пулларини нақд шаклда оладиган пенсионерларга Халқ банкининг шахсий пенсия-овердрафт карталарини очиш ва пенсия маблағларини банк карталарига ўтказиш тавсия этилади. Бу орқали улар бир қатор қулайликларга эга бўладилар.
✔️Пластик карталарни эса ҳисоб-китоблардан сўнг тез ва осонлик билан дезинфекциялаш мумкин. Шунингдек, ҳозирда ҳар бир банк тўлов ва банк хизматларидан фойдаланишни масофадан туриб амалга ошириш, яъни мобиль иловалардан фойдаланишни осон ва қулай шаклга келтиришга жиддий эътибор қаратмоқда. Бу дегани, нақд пулга қараганда банк карталаридан фойдаланиш кундан-кунга ҳар томонлама самарали ва қулай бўлиб боради.