Касаба уюшма ташкилоти мураббийларни тақдирлади
Самарқанд шаҳридаги “Нурафшон” маданият саройида "1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни" муносабати билан тадбир ташкил этилди.
Тадбирга маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси вилоят бирлашган қўмитаси тизимидаги ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ишчи-ходимлар таклиф этилди.
Тадбир давомида бир гуруҳ фаол соҳа вакиллари касаба уюшма томонидан фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
– Юртимизда байрамлар кўп, аммо биз учун улар орасида касб байрамининг ўтиши бир ўзгача, – дейди Жомбой туман болалар-ўсмирлар спорт мактабининг қизлар футболи мураббийси Мафтуна Абдурашидова. – Қолаверса, кейинги йилларда устозларга, мураббийларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан миннатдормиз. Бу борада касаба уюшмаси анча илгарилаб кетмоқда. Бугунги тадбирда ҳам эътироф этилишим мени янада ўз касбимга бўлган қизиқишимни ва албатта масъулиятимни оширди.
- Санъат соҳаси вакилларининг ҳар куни байрам, буни айниқса, шогирдларингиз билан янги бир куйни, мусиқани яратганингизда янада чуқурроқ ҳис этасиз, - дейди Қўшработ туман 5-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби директори Фотима Холдорова. - Бугунги учрашув ҳам бизга янада илҳом берди. Бошқа тумандаги ҳамкасблар дийдорлашуви орқали бир-биримиз билан тажриба алмашишга имкон бўлди. Айниқса, санъаткорларнинг чиқиши, саҳна кўринишларидан ўзимизга янгича ғоялар олдик. Камтарона меҳнатимизни қадрлаб, эъзозланганимиз учун тадбир ташкилотчиларига миннатдорчилик билдираман.
Ҳусан ЭЛТОЕВ.