Касаба уюшмалар фаолияти: Санаторий ва ёзги оромгоҳларда зарур шароит яратиш бўйича қилинаётган ишлар қандай натижа беряпти?

Соҳага қаратилган эътибор шу йил ёз фаслида айниқса, яққол намоён бўлди. Ёзги болалар оромгоҳларига боришни истовчи кўплигидан ҳатто баъзиларига жой топа олмай қолиш ҳолатлари кузатилди.
Яхши биламиз, узоқ йиллар давомида ёзги оромгоҳлар эски тартиб ва шаклда иш олиб борар, унда дам олиш учун ота-оналар фарзандларини жўнатмай қўйишганди. Баъзи ёзги оромгоҳлар эса ташландиқ аҳволга келиб қолгани ҳам рост эди. Кейинги йилларда ушбу тизим тўлиғича касаба уюшмалари тизимига ўтиши туфайли эътиборга тушадиган ўзгаришлар кузатилди.
Самарқанд вилоятида бир пайтлар 40 яқин ёзги болалар оромгоҳлари мавжуд бўлгани ҳолда уларнинг саноқлисигина ўз фаолиятини давом эттира олди. Табиийки, барчаси маблағ билан боғлиқ. Айни пайтда уларнинг ўнтаси ўз фаолиятини янгича тартиб ва шаклда давом эттирмоқда.
Вилоят Матбуот уйида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши раҳбари Суҳроб Рафиқов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида ёзги оромгоҳлар, санаторийлар бўйича янгиликлар, соҳада олиб борилаётган ўзгаришлар хусусида маълумот берилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан янги санаторийларни қуриш, мавжудларида дам олувчилар учун шароитларни тубдан яхшилаш, ўринлар сонини ошириш борасида олиб борилган ишлар бугунга келиб ўз натижасини бермоқда, - деди С.Рафиқов анжуман иштирокчиларига. - Хусусан, 2016 йилда тизимда 17 та санаторий ва 2 та дам олиш уйи фаолият юритган бўлса, бугунги кунда 31 та санаторий фаолият юритиб, уларда 7185 та ўринлар дам олувчилар учун хизмат қилиб келмоқда.
Жумладан, 2020-2024 йилларда 7 та янги – “Янгиер”, “Кўҳинур”, “Хўжаипок”, “Чинобод плаза”, “Сангардак”, “Заркент”, “Севарсой” санаторийлари қурилиб фойдаланишга топширилди, 8 та санаторийда замонавий ётоқ, даволаш ва ошхона, даволаш биноларини қуриш ва реконструкция қилиш, жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти кенгаши томонидан 2025 йил давомида жами 6200 нафар ходимларни соғломлаштириш белгиланган. Жорий йилнинг ўтган 6 ой давомида 2523 нафар ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзолари соғломлаштирилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг дастури асосида фойдаланилган санаторий йўлланмаларнинг 92 таси ишловчи меҳнат фахрийлари, байналминалчи жангчилар, Чернобилчилар, олис ва чекка ҳудудларда яшовчи фарзанд талаб ёш оила вакиллари ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг ишловчи вакилларига бепул берилди.
Маълумот ўрнида: Кейинги 5 йил давомида вилоят бўйича 24 минг 259 нафар ишчи-ходим ва уларнинг оила аъзолари касаба уюшмалари тизимидаги турли санаторийларда соғломлаштирилишига эришилди.
Маълум бўлишича, касаба уюшмаси аъзоси бўлмаган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва маълум имтиёзлар асосида санаторийларга йўлланма олиш учун бугунги кунда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказининг жойлардаги бўлимларига мурожаат этиш лозим.
Яна бир муҳим янгиликлардан бири – Қирғизистон Республикасидаги Иссқикўл ҳудудида мамлакатимизга тегишли бўлган санаторий очилди. Энди касаба уюшмаси аъзолари унда ҳам имтиёзли шартларда дам олиш имконига эгал бўлишади.
Анжуман давомида журналистлар мазкур масалалар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Гулруҳ МЎМИНОВА.