Касаба уюшмалари кимга, қандай ёрдам беряпти?

Жорий йилда 5305 та кам таъминланган ва нотинч оилаларнинг 6 мингдан кўпроқ муаммоларини бартараф этиш учун 10 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган.

Сира эсимдан чиқмайди, собиқ иттифоқнинг сўнгги йилларида ҳар юз хонадоннинг 44 тасида телевизор борлиги катта воқелик сифатида баҳоланганди.

Тўғри, баланд давонни бирдан забт этиб бўлмайди. Аммо шукур ва сабр билан ҳамма нарсани қўлга киритиш мумкинлигини даврнинг ўзи кўрсатмоқда. Узоққа бормайлик, бундан 3-4 йил муқаддам кексаларимиз пенсия пулини кутиб, куннинг катта қисмини почта бўлимлари эшиги тагида ўтказарди.

Бундай воқеликлар даврнинг “қусури” сифатида ортда қолди. Бугун нуроний отахон-онахонларнинг пенсия пуллари уйларига олиб бориб берилмоқда.

Бугун азият чеккан инсон борки, унинг ўз дарди билан ўзи қолишига йўл қўйилмаяпти. Давлатимиз раҳбари ҳеч кимдан тортинмай, бизда шунча кам таъминланган, камбағал оилалар бор, дея ҳақиқатнинг юзига тик боқди. Натижада, ҳукумат томонидан камбағалликни тугатиш дастури ишлаб чиқилиб, изчиллик билан амалий ишлар олиб борилмоқда.

Мисол учун, бу борада вилоятимизда кам таъминланган оилалар уй-жой билан таъминланиб, яшаш хонадонлари таъмирланяпти. Ночор оилаларга маиший техника, газ плита ва баллонлар тарқатиляпти.

Биргина, 2017 йилда ажратилган маблағлар доирасида 30 нафар фуқаро уй-жой билан таъминланиб, 160 та оиланинг хонадони таъмирланди, 1776 та оилага маиший техника воситалари ва 543 та газ плита (баллони билан) берилди.

2018 йилда камбағал оилаларга кўрсатилаётган ёрдам кўлами янада кенгайди. Хусусан, 35 нафар фуқаро уй-жой билан таъминланди. Шунингдек, 398 та оилаларнинг уй-жойи таъмирланди.

Жорий йилда вилоятимиздаги 1097 та маҳалладаги 5305 та кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва нотинч оилаларнинг аҳволи ўрганилди. Бу хонадонларда 6478 та муаммо аниқланиб, уларни бартараф этишга 10 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Суҳроб РАФИҚОВ,

Самарқанд вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.