Каттақўрғон тумани ҳокими олис қишлоқ одамларига мобиль телефонлар учун тўлқин узатиш мосламалари ўрнатишни ваъда қилди

Каттақўрғон тумани ҳокими Аъзамхон Бахромовнинг Жизмонсой маҳалласида ўтказган сайёр қабули давомида фуқароларнинг муаммоларига ечим топилди, деб ёзмоқда “Каттақўрғон ҳақиқати”.
Ўтказилган навбатдаги сайёр қабул туманнинг энг олис Жизмонсой маҳалласидаги 74-умумий ўрта таълим мактабида бўлиб ўтди. Қабул давомида жизмонсойликлар ва шу ҳудудга яқин аҳоли массивларида истиқомат қилувчи аҳоли томонидан йўл таъмири, электр энергияси, уй-жой, тиббий хизмат ва моддий ёрдам каби 40 дан зиёд мурожаат келиб тушди.

Қабулда фуқаро Вали Каримов ҳудудда мобиль телефон алоқаси йўқлиги юзасидан мурожаат қилди. Унинг мурожаати юзасидан тегишли ташкилотларга топшириқлар берилди. Яқин орада ҳудуд аҳолисига учта мобиль телефонлар учун тўлқин узатиш мосламалари ўрнатиладиган бўлди.
Тумандаги Ёви маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Дилсора Мамадиёровага уйда бетоб ётган қайнонаси учун туман ҳокимлиги томонидан шу ернинг ўзида ногиронлик аравачаси берилган бўлса, фуқаро Ойсара Раҳмонованинг ногиронлиги бўлган қизига уй шароитида тикувчилик билан шуғулланиш учун Ёшлар иттифоқи туман кенгаши томонидан тикув машинаси билан таъминланадиган бўлди.

 - Саломатлигим ёмонлиги, ишлолмаганлигим туфайли кўп йиллардан буён яшаб турган уйим таъмирга муҳтож эди, - дейди Жизмонсой маҳалласида яшовчи фуқаро Ойбек Хўшоқов. -  Бугунги сайёр қабулда туманимиз ҳокимидан ёрдам сўрадим. У кишига минг раҳмат, оилавий шароитимизни тушуниб, биздан ўз кўмагини аямади. Уйимизни том қисмини таъмирлаш учун 150 дона шифер берадиган бўлди. Бунинг учун оддий одамларни дардини тинглаб, уларни муаммоларига бефарқ бўлмаётган Президентимиздан, туманимиз раҳбарларидан беҳад миннатдормиз.

Туман ҳокими, Халқ қабулхонаси мудири ва сектор раҳбарлари томонидан мурожаатларнинг ярмидан кўпи шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Айрим масалалар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакиллари томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. 
Сайёр қабул сўнггида туман ҳокимлиги ва ҳомий ташкилотлар томонидан ҳудудда истиқомат қилаётган кам таъминланган оилаларга 50 халта ун ва 50 та газ балонлари бепул тарқатилди.