Каттақўрғон туманида сайловчи идентификация белгилари асосида қайд қилинмоқда
Вилоят сайлов комиссиясидан маълум қилишларича, бу жараён тажриба тариқасида тумандаги 2-мактаб биносида жойлашган 516-сайлов участкасида амалга оширилмоқда.
- Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига киритилган 784 нафар фуқаро овоз бериши режалаштирилган, - дейди участка сайлов комиссияси раиси Шоира Мусаева. – Яхши биласиз, овоз беришга келган сайловчига бюллетен беришда унинг фуқаролик паспортига қараб, рўйхатга қайд қилинади. Шундан сўнг сайлов бюллетенлари берилади.
Бугун участкамизга овоз бериш учун келган фуқаролар идентификация белгилари асосида қайд этилмоқда. Бунинг учун уч дона биометрик идентификатор ўрнатилган.
Жараён қуйидагича амалга оширилади: фуқаро паспорти билан келиб, уни идентификаторга қўяди. Компьютерга ўрнатилган видеорегистратор фуқарони базада мавжудлигини ва қаршисида турган одам идентификаторга қўйилган паспорт эгаси эканлигини қайд этса, унга бюллетен берилади. Яъни, бир одам бошқа фуқаронинг ўрнига сайлов бюллетени олмаслиги электрон тарзда кафолатланади.
Жараённинг қонуний талаблар асосида ўтиши учун участка юқори тезликка эга интернет тармоғи билан таъминланган. Юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни қисқа фурсатда бартараф қилиш учун тажрибали мутахассислар бириктирилган.