Каттақўрғон туманида тадбиркорларнинг аксарият мурожаати банк билан боғлиқ
Жорий йилнинг 1 декабрь ҳолатига 95 нафар тадбиркорлар томонидан билдирилган мурожаатлар рўйхатга олинган. Уларнинг 18 таси сайёр қабулларда, 72 таси туман қабулхонасида, 5 таси 1100 қисқа рақамли ишонч телефони ҳамда business.gov.uz сайти орқали қабул қилинган.
Таҳлилларга кўра, мурожаатларнинг 19 таси туман, 31 таси вилоят, 45 таси республика даражасидаги масалалардан иборат.
Соҳалар кесимида олганда, 46 мурожаат банк-молия, 8 таси ер, кадастр ва архитектура, 41 таси бошқа соҳаларга тўғри келади.
Келиб тушган мурожаатлардан 88 таси тегишли масъуллар томонидан кўриб чиқилиб, ҳал этилган. Жумладан, 43 та банк кредитлари, 7 та ер, кадастр ва бино ажратиш, 38 та бошқа йўналишдаги тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммолар ҳал этилган.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, хорижий инвесторлардан 3 та мурожаат қабул қилиниб, 2 таси бўйича кўтарилган масалага ечим топилган. Шунингдек, 1 та мурожаат бўйича амалий чоралар кўрилмоқда.
Келиб тушган мурожаатлар бўйича инвесторга табиий газ тармоғига уланиш ҳамда инвестиция битимига ўзгартириш киритиш, 1 нафар экспортёр корхонага имтиёзли кредит ажратиш, 1 нафар тадбиркорга “Ёшлар келажагимиз” дастури орқали имтиёзли кредит ажратиш, 10 нафар тадбиркорга фаолиятига оид кредит ажратиш масаласида кўмаклашилди.
Шунингдек, амалий ёрдамимиз орқали 2 нафар тадбиркор рухсатнома ва лицензия олди, 2 нафар тадбиркорга таъминотчи томонидан сифатли маҳсулот етказилиши, 3 нафар тадбиркорга солиқ ва коммунал тўловлар бўйича ортиқча тўловларнинг қайтарилиши таъминланди. Қолаверса, 2 та тадбиркорлик субъекти фаолиятига ноқонуний аралашув бартараф этилиб, 28 фуқарога “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури бўйича кредит ажратилишида кўмаклашилди.
Бу каби амалий ишлар натижасида тадбиркорлик фаолияти эркинлиги ва кафолатланганлигига тўғри муносабат ривожланмоқда, аҳолида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истаги ортиб бормоқда.
Сардор РУСТАМОВ,
Каттақўрғон туманидаги Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудири.