Каттақўрғон туманидаги боғчалар талабга жавоб берадими?
Вилоят мактабгача таълим бошқармаси ташаббуси билан Каттақўрғон туманидаги болалар боғчаларининг аҳволи депутат, журналист ва блогерлар иштирокида танқидий таҳлил этилди. Унда тумандаги мактабгача таълим ташкилотлари директорлари ва туман мактабгача таълим бўлими ходимлари қатнашди.
Туманда бугун 215 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлиб, улардан 63 таси давлат, 3 таси хусусий, 13 таси давлат-хусусий шериклик ва 136 таси оилавий боғчалардир. Боғча ёшидаги 23 583 нафар боланинг 13 613 нафари мактабгача таълимга қамраб олинган.
Бугунги кунда 3-7 ёшли болалар қамрови кўрсаткичи вилоят бўйича 69 фоизни ташкил этаётган бир пайтда Каттақўрғон тумани 57,7 фоиз билан энг охирги ўринда турибди. Шунингдек, кадрлар қўнимсизлиги ҳам боғчалардаги муаммоларнинг кўпайишига сабаб бўлган. Ушбу ҳолатлар юзасидан жорий йилнинг 17-18 ва 29 март кунлари Каттақўрғон тумани мактабгача таълим бўлими ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар фаолияти комплекс ўрганилди.
- Туманда уч марта текшириш ўтказдик, аммо ҳалигача ўз вазифасини тушунмаётган, аввалги сафар аниқланган камчиликларни тўғрилашга уринмаган мактабгача таълим ташкилотлари директори борлиги бизни ташвишга соляпти, - деди вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Зайниддин Жўраев. – Шаҳарда ҳам, қишлоқда ҳам боғчаларда бир хил таомнома асосида болаларга овқат берилади. Аммо баъзи боғчаларда камомад борлиги аниқланди. Ҳар сафар раҳбарларга имкон беряпмиз, бироқ яхши томонга ўзгаришни сезмаяпмиз. Ўз вазифасига совуққонлик билан қарайдиган ходимлар масъул вазифада ишлашга нолойиқ.
Боғчаларда кунлик таомномалар тузилиб, давлат мактабгача таълим ташкилоти директори томонидан ҳар куни тасдиқланиб борилган. Лекин ойнинг охирида таомномага ўзгартириш киритилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари қўшиб ёзилган. Масалан, тумандаги 1-ДМТТда 2021 йил декабрь ойининг беш кунлиги танлов асосида ўрганилганда 2 774 200 сўмлик, 2022 йилнинг январь ойида 3 627 440 сўмлик, 4-ДМТТнинг январь ойи уч куни таҳлил қилинганда 965 000 сўмлик, 31-ДМТТда 1 294 475 сўмлик, 36-ДМТТда 713 310 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари таомномага қўшиб ёзилгани аниқланган.
Шунингдек, 2-давлат мактабгача таълим ташкилотида таомномадаги озиқ-овқат маҳсулотларининг қозонга тўлиқ солиниши ўрганилганда, таомномада мол гўшти 14 килограмм ёзилган, аслида эса 8,7 килограмм гўшт қозонга солинган.
Бундан ташқари, болалар учун мумкин бўлмаган пахта ёғи ва ўсимлик ёғи асосида тайёрланган сариёғ “Пайшанба универсал маркет” МЧЖ томонидан етказилиб, тарбияланувчиларга истеъмолга бериб келинган. Бошқа боғчаларга ҳам худди шу сариёғ мунтазам тарқатилган.
Ўрганишларда шу нарса маълум бўлдики, туманда болалар қамровини ва хусусий сектор улушини ошириш, ташаббускор тадбиркорлар билан ишлаш механизми йўлга қўйилмаган. Таълим-тарбия сифати талаб даражасида эмас, айрим боғчаларда тарбиячилар ўз вазифасини тушунмайди. Болаларни соғлом овқатлантириш борасида ҳам бир қатор камчиликлар аниқланди.
- Туманимизда бундай салбий ҳолатларни эшитиб, рости, уялдим, - деди халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Азиза Боймуродова. – Ахир боғча болалари ўзимизнинг фарзандимизку! Болаларга яхши тарбия берсак, эртага бундан аввало, ўзимиз манфаатдор бўламиз. Уларнинг ҳақига хиёнат қилиш кечирилмас гуноҳ.
Танқидий-таҳлил тарзида ўтган тадбирда туман мактабгача таълим бўлими бош ҳисобчиси билан меҳнат шартномаси бекор қилинди. Бўлимнинг марказлашган ҳисобхонасининг 2 нафар ходими, 2 та шўъба мудири, 2 нафар мутахассис, 12 та давлат МТТ директорларига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Мактабгача таълим ташкилотлари замон талабларига жавоб бермаса, табиийки, ота-оналар ҳам фарзандини боғчага бермайди. Кенг жамоатчилик иштирокида ўтказилган тадбирдан мақсад бошқа туман ва шаҳарлардаги мактабгача таълим ташкилотлари директорларини ҳам огоҳликка чақиришдир. Яқинда вилоят мактабгача таълим бошқармасининг ишчи гуруҳи қолган туманларда ҳам бўлим ва МТТлар фаолиятини чуқур ўрганади, ўз вазифасига совуққонлик қилганларга тегишли чора кўради.
Хуршида Эрназарова.