Каттақўрғонда 10 та янги иншоот фойдаланишга топширилди

Кейинги йилларда Каттақўрғон шаҳрида кенг кўламдаги қурилиш, таъмирлаш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Қурилиб, фойдаланишга топширилаётган объектлар шаҳар аҳлига Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига муносиб совға бўлди.

Бугун шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова, сектор раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари ушбу объектларнинг очилиш маросимларида иштирок этди.

Хусусан, Ингичка шаҳарчасида фойдаланишга топширилган 15-умумий ўрта таълим мактаби 910 ўринга мўлжалланган. Инвестиция дастури асосида муассаса тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилди. Натижада ўқув хоналари, спорт зали, кутубхона, ўқитувчилар хоналарида барча шарт-шароитлар яратилди ва замона талабларига мос таълим муассасасига айланди.

Байрам муносабати билан фойдаланишга топширилган яна бир иншоот Ислом Шоир маҳалласи биносидир. Бугун бу марказ барча қулайликларга эга масканга айланди.

Маҳаллада 2721 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шу вақтга қадар маҳалла ходимлари 1975 йилда ҳашар йўли билан қурилган эски бинода фаолият юритар эди. Замон талаблари даражасида барпо этилган, керакли жиҳозлар билан таъминланган маскан маҳалла ходимлари иш фаолиятларини изчил олиб боришда муҳим аҳамият касб этади.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.