Каттақўрғонда икки мингдан ортиқ иш ўринлари яратилади

Ҳукумат қарори билан (580-сон, 23.09.2020 йил) 2020-2022 йилларда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.

📋 Дастурга асосан, белгиланган йилларда Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш мақсадида жами 204 та лойиҳанинг амалга оширилиши назарда тутилган.

💼 Жумладан, шаҳарда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш бўйича 117 та инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва бу орқали 2 052 та янги иш ўринларининг яратилиши белгиланган.

☑️ Шаҳар бўйича жами 550 нафар ишсизлар тикувчилик, компьютер саводхонлиги, маиший техника ускуналарини таъмирловчи уста, сартарошлик каби йўналишларда касб-ҳунарга ўқитилади.

♻️ Шунингдек, жорий йилда шаҳарнинг 2 253 нафар ишсиз аҳолиси жамоат ишларига жалб қилинади. 

🏢 Шаҳарда “Ҳунармандчилик маркази” (ҳунармандчилик, миллий ширинликлар мажмуаси ва меҳмонхона) ташкил этилади.

📝 Қарор билан шунингдек, шаҳарда камбағалликни қисқартириш юзасидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар тасдиқланди.

Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” телеграм каналида маълум қилинди.