Каттақўрғонда иш бошлаган гемодиализ марказида муолажалар бепул

Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасида 6 та гемодиализ аппарати ўрнатилиб, Каттақўрғон, Иштихон, Қўшработ, Пахтачи, Нуробод ва Нарпай туманларида истиқомат қилувчи муҳтож беморлар учун гемодиализ маркази иш бошлади.
- Буйрак етишмовчилиги хасталиги билан яшаётган беморлар учун гемодиализ муолажалари қанчалик муҳимлигини кўпчилик яхши билади, - дейди Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Шоира Нуруллаева. – Ушбу хасталикка чалинганларнинг баъзилари ҳар уч кунда, ҳар куни ёки ҳафтада бир марта ушбу муолажани олади. Шу пайтга қадар улар ушбу муолажани олиш учун вилоят марказига боришига тўғри келарди. Айниқса, ҳар куни гемодиализ олишга тўғри келадиган беморлар учун вилоят марказига қатнаш қийинчилик туғдирарди. Эндиликда Каттақўрғон ва шу ҳудудга яқин туман аҳли ушбу муолажаларни шу ерда худди вилоят марказидаги каби шароитларда, бепул олиши мумкин. Аллақачон беморлар бу хизматдан фойдаланиб келишмоқда. Айни кунларда бу муолажалар карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда бажарилмоқда.
Аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатишда барча қулайликларга эга бўлган мазкур марказда ҳозирда 62 нафар беморга сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда.