Каттақўрғонда муддатли ҳарбий хизматга юбориши эвазига 300 АҚШ доллари талаб қилган шахс ушланди
2023 йил 30 март куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга Каттақўрғон туманида яшовчи фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, муддатли ҳарбий хизматга юборишга масъул бўлган шахслардан бири унинг ўғлини 300 АҚШ доллари эвазига ҳарбий хизматга жўнатишини айтиб, пул талаб қилаётганлигини маълум қилган ва унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Шунингдек, у масъул шахс олдиндан 2 миллион сўмни олгани, яна 1 миллион 420 минг сўмни беришини айтаётганини билдирган
Мазкур аризага асосан Самарқанд вилояти ИИБ Тезкор қидирув хизмати жиноят қидирув бошқармаси коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида масъул шахс ариза муаллифидан 1 миллион 420 минг сўм миқдоридаги пулни пора тариқасида олаётган вақтида далилий ашёлар билан қўлга олинган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Демартаментнинг Каттақўрғон туман бўлими томонидан фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.