Каттақўрғонда шу йилнинг ўзида 143,2 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилади
Гап Каттақўрғон туманида амалга оширилаётган қурилиш, ободончилик, бунёдкорлик ишлари ҳақида бормоқда. Туман ҳокимлиги бош мутахассиси Масариддин Расуловнинг айтишича, жорий йилда туманда соҳалар бўйича зарур қурилиш ишларини бажариш учун давлат ва маҳаллий бюджет ҳисобидан етарлича маблағлар ажратилган.
Жумладан, 33 миллиард сўм маблағ эвазига 41 маҳаллада 45,3 километр йўл таъмирланади, шундан 48,4 километр йўл асфальт қилинса, 96,9 километр йўлга шағал ётқизилади. “Пайшанба-Каттақўрғон” автомобиль йўлининг Муллакўрпа маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Қорадарё дарёси кўприги реконструкция қилинади.
Аҳолининг интернет тармоғига уланишини сифатли таъминлаш мақсадида 121 километр алоқа кабеллари ётқизилади, 12 та базавий станция қурилади. 4 та МТТ, 13 та мактаб ва 4 та тиббиёт бирлашмасига қарашли объектлар қиёфаси янгиланади. Ушбу ишларни бажариш учун 32,9 миллиард сўм маблағ ажратилган. 1900 метр масофадаги дарё ўзанларини тўғрилаш ва қазиш ишлари учун 1,9 миллиард сўм сарфланиши кўзда тутилган.
Туман аҳолисини уй-жой билан таъминлаш учун “Кадан” маҳалласидан учта 5 қаватли, “Боғот” маҳалласидан учта 5 қаватли ҳамда Мирзо Улуғбек номли маҳалладан битта 5 қаватли уйлар қурилиб, 160 оила уй-жойли бўлади. Ушбу уй-жойлар 25,3 миллиард сўм эвазига қурилиб, фойдаланишга топширилади.
Туман марказининг меъморий қиёфасини замонавийлаштириш учун 6,6 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бунинг эвазига 5,5 километр замонавий пиёдалар йўлакчаси, 5,5 километр велосипед йўлаклари ва 400 метр ирригация тизимлари қурилади. Шунингдек, 16 та замонавий автобекатлар қурилиши учун 760 миллион сўм, 28 та маҳалла биносини янгидан қуриш ва таъмирлаш учун 7,7 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бундан ташқари, пиёдалар йўлаклари, тунги ёритиш чироқлари, “Workout”, мини-футбол, бадминтон ва стритбол қурилмалари қурилиши белгиланган.
Электр энергияси, табиий газ, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш каби мақсадлар ҳам асосий эътиборимизда. Бу сингари барча қурилиш ишларини амалга ошириш учун 143,2 миллиард сўм маблағ ажратилган.