Каттақўрғондаги маданий мерос объектларининг аксарияти таъмирталаб
Каттақўрғон шаҳрида жами 23 та маданий мерос объектлари мавжуд бўлиб, уларнинг кўпчилиги таъмирталаб аҳволга тушган. Каттақўрғон шаҳар ҳокими Г.Алимованинг таклифига биноан ушбу маданий мерос объектлари ҳолатини ўрганиш мақсадида Маданият вазири ўринбосари К.Оқилова бошчилигидаги маданий меросни ўрганиш бўйича экспертлар гуруҳи шаҳарга келди.
Экспертлар гуруҳи томонидан 3 та маданий мерос объект – Зомин маҳалласи ҳудудида жойлашган, 8-умумтаълим мактаби ўрнидаги XX aср бошида қурилган бино, Меҳржон маҳалласи ҳудудида жойлашган, XIX-XX aсрда қурилган “Кичик Арабхона” масжиди ҳамда Зиёлилар маҳалласидаги "Сарбозор” масжиди бинолари ўрганиб чиқилди.
Экспертлар ўрганиш натижалари бўйича ҳужжатларни вазирликнинг маданий мерос объектларини ўрганиш комиссиясига киритади.
Эслатиб ўтамиз, бундан бир неча кун олдин шаҳар ҳокими томонидан 23 та маданий мерос объектларидан 7 тасини рўйхатдан чиқариш ёки талаблар бўйича таъмирлаш лозимлиги бўйича таклиф берилган эди. Сабаби, мазкур маданий мерос объектлари айни пайтда авария ҳолатида бўлиб, уларни тегишли қоидаларга кўра, таъмирлаш лозим. Маданият вазирлиги экспертлари ушбу биноларни мукаммал ўрганиб чиқиб, натижаларни маълум қилишини билдирди.
Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.