Каттақўрғонга замонавий пахта териш машиналари келтирилди
Жорий йилда Самарқанд вилояти пахтакорлари томонидан 75 минг 580 гектар майдонда чигит экилиб, 215 минг 500 тонна пахта хом ашёси тайёрлаш учун пухта замин ҳозирланди.
Айни пайтда вилоятдаги барча пахтачилик кластер корхоналари томонидан ҳосилни йиғиштириб олишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Бунинг учун замонавий пахта териш машиналарини харид қилаётган корхоналар ҳам кўп.
Жумладан, Каттақўрғон туманидаги “Каттақўрғон кластер” масъулияти чекланган жамияти томонидан 980 гектар ер майдонидаги пахтани қисқа муддатда йиғиб-териб олиш мақсадида Тошкент қишлоқ хўжалиги техникалари заводида ишлаб чиқарилган 4 дона замонавий пахта териш машинаси келтирилди.
– Бу йил туманимизда 10 минг 999 гектар майдонда пахта етиштирилди, – деди “Ўзагроинспекция” Каттақўрғон туман бўлими бошлиғи Нурали Намозов. – Ҳозирда ғўза дефолиацияси ва пахта йиғим-теримида қатнашадиган техникаларни мавсумга тайёрлаш ишлари белгиланган режа асосида амалга оширилмоқда. 245 дона тракторлар, 512 дона трактор тиркамалари ҳамда 44 дона пуркагичлар туманнинг ўн ҳудудида белгиланган жойларга йиғилиб, таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди ва мавсумга шай ҳолга келтирилган.
“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармасининг маълум қилишича, тумандаги “Амина голд Инвест” агрокластер корхонаси томонидан ҳам бу йил 11 дона замонавий пахта териш машинаси харид қилиниши режалаштирилган.