Каттақўрғонлик депутатлар газ ва электр таъминоти корхоналари мутасаддилари билан соҳадаги муаммоларни муҳокама қилди
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотларни оммавий ахборот воситалари вакиллари, депутатлар ҳамда кенг жамоатчилик орқали аҳолининг кенг қатламига етказиб бориш мақсадида Каттақўрғон туманида матбуот анжуманлари ташкил этила бошланди.
Туман ҳокимлигида ўтказилган дастлабки анжуман туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокимлиги ахборот хизмати ва “Каттақўрғон ҳақиқати” газетаси таҳририяти вакиллари ҳамкорлигида ташкил этилди.
Шунингдек, аҳолидан келиб тушган мурожаатлар салмоғига қараб, бу галги учрашувга туман электр таъминоти корхонаси раҳбари Фарҳод Пирматов ва туман газ таъминоти корхонаси етакчи мутахассиси Бекзод Нормуродовлар таклиф этилди.
Ошкора ва ишчанлик руҳида кечган анжуманда жойларда ўтказилган учрашувлар давомида депутатларга сайловчилар томонидан келиб тушган мурожаатлар, ечимини кутаётган муаммолар муҳокама қилинди. Депутатлар томонидан берилган саволларга иккала корхона мутахассислари томонидан атрофлича жавоблар қайтарилди.
Очиқ мулоқот мазмуни халқни қийнаб келаётган электр таъминотидаги узилишларни бартараф этиш, электр узатиш линияларидаги носозликларга қаратилди. Ўрнатилаётган янги русумдаги электрон ҳисоблагичларнинг сабабсиз ишламай қолаётгани билан боғлиқ масалаларни бартараф этиш чоралари изланди.
Туман аҳолисига табиий газ ва суюлтирилган газ баллонларини етказиб беришдаги муаммолар юзасидан ҳам шундай масалалар ўртага ташланди. Депутатлар ва соҳа мутахассислари яқин вақтларда газ баллонларни онлайн тизим асосида етказиб беришга ўтиш, ҳар бир баллонга махсус замонавий қурилмалар ўрнатиш бўйича таклифларни илгари суришди.
Шунингдек, анжуман қатнашчиларига газ етказиб бериш тизимида 1 апрелдан бошлаб жорий этилаётган янги тизим тўғрисида тушунчалар берилди. Бу тизимнинг жорий этилиши туман аҳолисини табиий газ билан таъминлашдаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга имкон беради.
Учрашув сўнггида қатнашчилар бу каби анжуманлар давом эттириб, навбатдаги учрашувга туман мактабгача таълим ҳамда соғлиқни сақлаш бўлимлари раҳбарлари таклиф этилиши белгиланди. Шунингдек, келаси ҳафтада тумандаги Бургансой маҳалласи ҳудудида ташкил этиладиган кўчат экиш тадбирида оммавий тарзда иштирок этиш истагини билдиришди.
Ғафур ҚАРШИЕВ,
“Каттақўрғон ҳақиқати” газетаси мухбири.