Каттақўрғонлик тадбиркор иссиқхонада 2 миллиард сўмлик 200 тонна булғор қалампири етиштирди
Бундан икки йил аввал аҳоли даромадини ошириш мақсадида Каттақўрғон тумани Ойжон маҳалласи ҳудудида бўш ва қаровсиз ётган 50 гектар ер майдонида лимончиликка ихтисослашган иссиқхона қурилган эди. Ҳозирда бу ерда фаолият юритаётган маҳаллий тадбиркорлар лимон кўчатлари экилган иссиқхоналарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиряпти.
- Тўрт гектар майдонга 3 минг туп лимон экдик, - дейди “Уста меъмор агрофирма” МЧЖ раҳбари Шербек Тўхтаев. – Лимон вояга етгунча ораларига турли деҳқончилик маҳсулотлари, сабзавот экинларини етиштиряпмиз. Йил бошида 150 минг туп экспортбоп булғор қалампири экдик. Бу экспортбоп нав ҳар тубидан 5 килогача ҳосил беради. Қолаверса, узоқ муддат сақланиши билан ҳам маҳаллий навга нисбатан даромадли. Йиғиб олинган маҳсулотни асосан Қозоғистон, Қирғизистон ва Россияга экпорт қилиш режалаштирилган. Булғор қалампиридан 200 тонна ҳосил ва 2 миллиард сўм даромад олишни мўлжаллаяпмиз.
Ҳудудда бугунги кунда 10 га яқин тадбиркор шу тарзда ўз маҳсулотларини экспортга тайёрлаяпти.