Кексаларимизга "Нуронийлар масканлари" қуриб берилди, сиҳатгоҳларга юборилди
Бу фикр Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими васийлик кенгашининг 2018 йил якунлари ҳамда 2019 йилдаги вазифаларга бағишланган йиғилишида яна бир бор эътироф этилди.
Унда васийлик кенгаши раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов иштирок этди.
"Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими кенгаши раиси Ҳасан Нормуродовнинг ҳисобот маърузасида таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги "Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги фармони отахон ва онахонларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги янада ошишига, ёшларни Ватанга муҳаббат, кексаларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашга ҳисса қўшиш йўлларини белгилаб берди ва жамғарма фаолиятида туб бурилиш ясади.
Жамғарма фаолиятини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида 2018 йилда бўлимлар учун барча қулайликка эга бўлган "Нуронийлар масканлари" қуриб берилди. Йил давомида кексаларимиз ижтимоий қўллаб-қувватланмоқда, улар тиббий кўрикдан ўтказилиб, кўпчилиги сиҳатгоҳларга юборилди. Муҳими, фахрий отахонлар ва муҳтарама онахонларимиз фаол ҳаётга қайтарилмоқда.
Вилоят ҳокими Э.Турдимов фахрийларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва имкониятларга тўхталди.
– Бугунги кунда нуронийларимиз иштирок этмайдиган бирорта соҳа йўқ, – деди ҳоким. – Шу боис, биз бу табаррук инсонларни ўзимизнинг маслаҳатчиларимиз деб қараймиз. Вилоят ижтимоий, иқтисодий, маданий ва маънавий ҳаётида улар кучидан кенг фойдаланаётганимиз яхши самара бермоқда. Одамларни иттифоқликка, ҳамжиҳатликка чақиришда, жамоатчилик фикрини уйғотишда фахрийларимизга таянамиз. Шу боисдан мен бу азиз кишиларни жамоатчиликнинг ўзаги дегим келади.
Йиғилишда шу йилнинг май ойида ўтказиладиган фуқаролар йиғинлари раислари сайлови, аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш, жиноятчиликнинг олдини олишда нуронийлар олдида турган вазифалар иштирокчиларнинг диққат марказида бўлди.
Тадбирда 8-март байрами муносабати билан бир гуруҳ фахрий аёлларга "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишонлари ҳамда гувоҳномалар топширилди.
Адҳам ҲАЙИТОВ,
А.ХАРИТОНОВ (фото).