Кейинги 6 ойда Самарқандда сайёҳлар оқими қанчага кўпайди?

Вилоят матбуот уйида Самарқанд вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Нарзиқулов ҳамда бошқарма бўлим бошлиғи Олим Собиров иштирокида матбуот анжуманида ўтказилди.

Унда Самарқандда пандемия даврида туризм ва спортнинг қай даражада ривожлангани, жорий йилнинг олти ойи давомида сайёҳлар оқими ўтган йилга нисбатан ошгани, сайёҳларни жалб қилиш мақсадида барпо этилаётган туристик йўналишлар, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ва оммавий спортни ривожлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди.

- Бугунги кунда вилоятимизда 171 та меҳмонхона, 217 та оилавий меҳмон уйлари, 136 та туристик синфга мансуб автобус, 126 та микроавтобус ва 20 та электромобил, 181 та туроператорлар ҳамда 336 та гид-таржимонлар томонидан маҳаллий ва хорижий фуқароларга сайёҳлик хизматлари кўрсатиб келмоқда, - дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари Д.Нарзиқулов. – Бу йилги пандемия шароитида ҳам сайёҳлар оқими вилоятимизда камаймади, аксинча йилнинг олти ойида улар сони ошди. Жумладан, 2020 йил давомида 633 194 нафар сайёҳ ташриф буюрган бўлса, жорий йилнинг олти ойи давомида улар сони 1 миллион нафарга етди. Уларнинг 54 минг нафардан ортиғи хорижий сайёҳлардир. 

Пандемия шароитида туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 39 та меҳмонхона ва туроператорлик ташкилотларига ходимларини сақлаб туриш, уларнинг ойлик иш ҳақларини тўлаш учун 2,1 миллиард сўм миқдорида фоизсиз мақсадли ссудалар ажратилди. Тадбиркорлик субъектларининг харажатлари, олдин олган кредитларини қоплаш учун 27 та тадбиркорлик субъектининг 38 миллиард 911 миллион сўм миқдоридаги кредитларининг фоиз харажатлари қисман субсидияланди.

Самарқанд туманидаги Конигил қишлоғи республикада биринчилардан бўлиб “Туризм қишлоғи” сифатида ўз фаолиятини бошлади ва “Туризм қишлоғи” сертификатни қўлга киритди. Қишлоқда биринчи босқич ишлар якунига етиб, пиёдалар йўлаги, 38 та туристик ҳамда хизмат кўрсатиш объектлари фаолиятини бошлаган. Иккинчи босқичда ҳам 100 та туристик объект ва хизмат кўрсатиш нуқталари ташкил этиш бўйича амалий ишлар бошланди.

Шунингдек, 2021 йилда Амир Темур барпо этган Боғибаланд (анжирзор) маҳалласи “туристик маҳалла”га, Пайариқ тумани Чоштепа ва Ургут туманидаги Терсак қишлоғи “туризм қишлоқ”ларига айлантирилади. Шу мақсадда июнь ойида Терсак қишлоғида бир кунда 25 та оилавий меҳмон уйлари фаолияти йўлга қўйилди.

Аҳолини оммавий спортга жалб этиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш борасида ҳам вилоятимизда бир қатор ишлар амалга оширилди. Шу ҳақда Самарқанд вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси бўлим бошлиғи Олим Собиров атрофлича маълумот берди.

- Бугун вилоятимизда 30 та спорт муассасаларида спортнинг 48 та тури бўйича спорт тўгараклари фаолият юритиб келмоқда, - дейди О.Собиров. - Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, жорий йилда 16 та шаҳар ва туманларда “Саломатлик йўлаклари”, “Велосипед йўлакчалари”, 181 та спорт иншоотлари ва майдончалари қуриб фойдаланишга топширилади. Бугунги кунда эса Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳрида ҳамда Булунғур, Жомбой ва Нуробод туманларида бундай йўлаклар қурилган.

Бадминтон, стритбол, мини-футбол, “Workout” майдончалари, велосипед ҳамда юриш (югуриш) йўлакчалари қуриб фойдаланишга топширилиши натижасида 2020 йилда спорт билан шуғулланувчилар сони 19,3 фоизни ташкил этган бўлса, бу кўрсатгич жорий йилнинг II чорак ҳолатига кўра 23 фоизни ташкил этади. Оқдарё туманининг ҳар бир маҳалласида “Workout” майдончалари қурилди. Иштихонда ҳам бу ишлар амалга оширилмоқда.

Аҳолини спортга кенг жалб қилиш мақсадида мактабгача таълим муассасаларида, мактабларда, ўрта махсус таълим даргоҳларида, маҳаллаларда тарғибот тадбирлари олиб бориляпти.

Насиба Жонтўраева.