Кичик саноат зоналаридаги 88 миллиард сўмлик лойиҳаларда 21 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланган. Нега?
Президентимизнинг “Иқтисодиёт ва саноатни ривожлантиришнинг 2019 йилда кутилаётган натижалари ва 2020 йилда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш бўйича асосий вазифалар тўғрисида”ги 55-сонли йиғилиш баёни ижроси юзасидан жорий йил 11 январида Самарқанд вилоятида ташкил этилган кичик саноат зоналари фаолиятини ривожлантириш бўйича вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов томонидан чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Унга кўра, вилоятдаги 17 та кичик саноат зонасида бўш турган 25,69 гектар майдонда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳалари жойлаштирилади ва инвестиция битимида белгиланган муддатдан кечиктирилган 26 та лойиҳани ишга тушириш бўйича зарурий чоралар кўрилади.
Ҳозирда мазкур зоналарда қуввати 88,8 миллиард сўм бўлган 51 та лойиҳада жами 21,1 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Ишга туширилган 51 та лойиҳанинг 33 тасида импорт ўрнини босувчи, маҳаллийлаштирилган ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Лекин уларда ўтган вақт давомида жами қиймати 18,5 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот тайёрланган бўлса-да, экспортга йўналтирилмаган. Зоналар фаолиятини ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун бу ерда муҳандислик коммуникация тармоқларини яхшилаш учун 80 миллион сўм, автомобиль йўлларини таъмирлаш учун 250 миллион сўм маблағ талаб этилмоқда.