Кимёгарлар шаҳарчасининг “Маданият”и ва “Нурафшон” йўлларига масъуллар қачон назар солади?

“Маҳаллангизга Президент келса...” рукни остида мақола тайёрлаш учун бу гал олис қишлоқларгамас, Самарқанд шаҳрининг йўлдош шаҳарчаси Кимёгарлар қўрғонига бордик.

Ҳудудда кейинги йилларда улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилганидан кўпчилик яхши хабардор. Аҳоли учун дам олиш масканлари, болалар ўйин майдончалари бунёд этилиб, кўп қаватли уйлар атрофига гул ва дарахт кўчатлари ўтқазилган. Бу яхши, албатта. Аммо уларни асраб-авайлаш, яратилган шароитнинг қадрига етиш кераклигини маҳаллий аҳоли ва масъуллар қай даражада ҳис қиляпти?

Нурафшон нурли кўчаларида сув йўлини тополмай ҳалак

Кўп йиллар эътибордан четда қолган Нурафшон маҳалласи бугун ўзгача кўринишда. Таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилганига ҳали кўп бўлмаган маданият саройи вилоятнинг асосий байрам тадбирлари ўтказиладиган масканлардан бирига айланди. Унга элтувчи йўл равонлашди, атрофи обод бўлди. Тунги ёриткич чироқлари ўрнатилди. Аммо шу кўчадаги икки ариқдан оқиб борадиган сув айнан янгиланган маданият саройи яқинига бориб йўлини тополмай қолади.

- Ҳудудимиздаги эски бир иморатни таъмирлаб, яқинда кўчиб ўтдик, - дейди маҳалла раиси Музаффар Эшматов. – 7 хонадан иборат бинода ходимлар учун зарур шароит яратишга ҳаракат қиляпмиз. Биномиз ва маҳалладаги мавжуд 102 та ҳовли ҳамда 32 та кўп қаватли уй атрофида ободонлаштириш ишларини ҳашар йўли билан амалга оширяпмиз. Ўтган йили шу ишларга кўмаклашиш учун маҳалламизга жамоатчилик асосида ишлайдиган икки нафар ишсиз фуқаро бириктирилганди. Улар бир муддат оғиримизни енгил қилди. Агар яна шундай иш ўрни ажратилса яхши бўларди.

Обод бўлган маҳалланинг айрим жойларида ташлаб кетилган чиқиндиларни кўриб, кўнгил хира тортади. Атроф тоза-озода бўлиши учун фақат маҳалла фаолларининг эътибори камлик қилади. Обод бўлаётган кўчаларга чиқинди ташлаб кетилишида ким айбдор бўлиши мумкин?! Бунда, албатта, жамоатчилик назорати ҳам зарур.

Маданият маҳалласидаги дарахтлар сувсизликка маҳкумми?

Маҳалланинг Истиқлол кўчасидаги 28- ва 33-кўп қаватли уйлар олдида барпо қилинганига ҳали кўп бўлмаган болалар майдончаси эътиборсизлик туфайли ачинарли аҳволга кела бошлаган. Арғимчоқларнинг ўриндиқлари йўқ, бошқа ўйин қурилмаларининг хавфсизлик тўсиқлари яроқсиз.

Нарпай кўчасидаги 17- ва 18- кўп қаватли уйларнинг ўртасидаги майдонга экилган манзарали дарахтлар сувсизликдан қуриб қолган. Бу қаровсиз боғда ит ва мушуклар сайр қилиб юрибди.

- Бу дарахтларни суғоришнинг имкони йўқ, - деди шаҳарчада яшовчи фуқаролардан бири Санъат Йўлчиев. – Ичимлик сувидан фойдаланса жаримаси бор экан. Бу ерларга ариқдан сув келмаса, шаҳар марказидаги боғлардагидек фавворалар ўрнатилмаган бўлса, нима қилиш керак?

Дарҳақиқат, мазкур кўп қаватли уйларнинг атрофини кўкаламзорлаштиришда суғориш масаласини масъуллар ҳеч ўйлаб кўрганмикан?!

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов (фото).