Китоб уйимизни безатиши керакми, кўнглимизни?
Бир сафар устозим, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик бугунги китобхонлар, ёшлар маънавияти ва китоб мутолааси ҳақида сўз юритаётиб, бир ўринда мени ҳайрон қолдирадиган қуйидаги воқеани ҳикоя қилиб берганди:
“Китоб дўконида янги китобларга кўз югуртирарканман, туйқус қизиқ ҳолатга дуч келдим. Сипо кийинган ўрта ёшлардаги бир эркак токчалардаги китобларни бирма-бир қўлига олиб, уларнинг ўлчамини ола бошлади. Унга ҳайрон қараб турганимни сезди шекилли, менга қараб изоҳ берди:
- Китоб жавони сотиб олгандим. Энди уни китобларга тўлдиришим керак. Шунга жавон токчаларига мос келадиган китобларни саралаяпман...
Нодонликни қаранг, китоб уйларимизни, китоб жавонларимизни эмас, қалбларимизни безаши керак эмасми?”
Ҳақиқатдан ҳам аянчли ҳол. Маънан қашшоқ одамгина шу ишга қўл уради. Ахир, китоб устоз айтганидек, уйимизни, жавонларимизни эмас, кўнглимизни безаши лозим. Китобни азбаройи зийнат, безакли буюм сифатида сотиб олмаймизку? Дид ва савияни ўстириш, маънан бойиш, фикр салмоғи ва залворини ошириш, ҳисни тарбиялаш, интеллектуал салоҳиятни кенгайтириш ва шу каби талай имкониятларга эга бўлиш мақсадида ўқилмайдими китоб дегани? Менимча, шундай.
Ҳар гал иш юзасидан пойтахтга борганимда, «Шарқ зиёкори» китоб дўконига кираман. Одат бўлиб қолган. Маънавий ташналигимни қондирадиган, кўнглим дунёсини янада ёритадиган, юксак кайфият ва руҳ бағишлайдиган, ҳис-туйғуларимни бойитадиган, сезгиларимни ўткирлаштирадиган, умуман қалбимни тарбиялаб, онг-шууримни ёлқинлаштирадиган асарларни шу ердан топаман. Дўконда уч-тўрт қаватли узун токчаларда териб қўйилган китобларни кўриб кўзим қувнайди. Бирин-кетин кўз югуртириб, варақлайман. Мени китобнинг ялтироқ муқоваси ҳам, қалин-юпқалиги ҳам, қандай дизайнда, форматда ишлангани ҳам қизиқтирмайди. Китоб нима ҳақида, унинг мағзи тўқми-пучми, салмоғи, залвори қандай – шу қизиқтиради.
Ўзи китоб танлашда ғалати одатим бор. Аввал унинг қайси нашриётга тегишлилиги, кимлар муҳаррирлик қилгани билан қизиқаман. Чунки мағзи пуч, ҳеч қандай маънавий озуқа бермайдиган, савиясиз, бунинг устига имло ва услубий хатолари ғиж-ғиж китобларни маҳсулот сифатида чиқараётган хусусий нашриётлар борлиги маълум-да. Мақсад-маслаги бойиш, кўпроқ пул ишлаши бўлган бу каби «хонтахта» китоб нашриётларидан маънавий дидимизга мос китоблар чиқиши амримаҳол.
Сиз-чи, азиз муштарий, китоб оласизми? Олсангиз, ундан нима мақсадда фойдаланасиз? Уйингизни безайсизми ёки...
Умид КЎЧИМОВ,
Ургут туманидаги 98-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.