Кўча дайди итлардан тозаланди

O’zLiDeP Самарқанд шаҳар Кенгаши томонидан Мароқанд МФЙ да ўтказилган сайёр қабулда маҳалла раиси Т.Пўлатов бошчилигидаги бир гуруҳ фуқаролар ҳудудда қаровсиз дайди итлар кўпайиб кетганлиги, бунинг оқибатида болалар мактабга бориб келишида, маҳалла аҳлининг кўчада юришида хавф-хатар туғилаётганлигидан шикоят қилган эди.

Мазкур ариза халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати, O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Лола Абдуллаева томонидан ўрганилиб, Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармасига сўров йўлланди.

Сўровга жавобан, ободонлаштириш бошқармасига қарашли ит овлаш бригадаси  Мароқанд маҳалла ҳудудида бўлиб, кўчада юрган, қаровсиз қолган дайди итларни ушлаб кетган.

- Мен O’zLiDeP партияси ва депутат Лола Абдуллаевага миннатдорчилик билдираман. Сайёр қабулда кўтарилган масала тезлик билан ҳал этилди. Кўчамиз дайди итлардан тозаланди, - деди Мароқанд маҳалласи раиси Т.Пўлатов.

- Сайёр қабулларда  кўтарилаётган ҳеч бир муаммо эътиборидан четда қолмайди, - дейди O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши мурожаатлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Қўлдош Саидов. - Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ўтказилган сайёр қабулларда 20 га яқин ободонлаштиришга доир мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг аксарияти депутатлик сўровлари асосида ҳал этилган.

Бахтигул Қаршиева,

O’zLiDeP Самарқанд вилоят

Кенгаши матбуот котиби.