Кўчмас мулкни хусусийлаштириш, сотиш, ижарага бериш, гаровга қўйишда кўпчилик хато қиляпти. Нега?

Конституциямизнинг 36-моддасида ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли эканлиги, 44-моддасида эса ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланганлиги белгиланган.

Фуқаролик кодекси, шунингдек, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”ги қонунларда мулк ва мулкдорлик ҳуқуқлари кафолатлари қонун йўли билан мустаҳкамланган.

Хусусан, Фуқаролик кодексида мулкнинг дахлсизлиги ва суд орқали ҳимоя қилинишини таъминлаш, Жиноят кодексида эса мулкни энг муҳим объектлар қаторида тажовузлардан қўриқлаш асосий вазифалар сифатида белгиланганлиги мулк ҳимоясини таъминлаш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асос мавжудлигининг яққол тасдиғи ҳисобланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш кафолатларини мустаҳкамлаш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Мулк ҳимоясига қаратилган бундай чора-тадбирларнинг мазмун-моҳияти, мақсади мулк ҳуқуқининг кафолатини таъминлаш ва бу борадаги ҳуқуқий асосни такомиллаштиришга, балки фуқароларнинг мулкдор сифатида ўз ҳуқуқларини яхши билишига ва ҳимоя қила олиш қобилиятини шакллантиришга ҳам қаратилган.

Фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини, хусусан, мулкий муносабатлардаги ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг кўлами ва самарадорлиги кун сайин ортиб бормоқда.

Мулкий ҳуқуқни амалга ошириш турли манфаатларнинг ўзаро тўқнашуви билан уйғун ҳолда юз бериши сабабли унинг оқибатлари низоли ҳолатлар юзага келиши эҳтимолини истисно этмайди. Бундай ҳолатда мулкий муносабатларнинг ҳалол ва инсофли иштирокчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кўп жиҳатдан уларнинг ушбу жараённи тартибга солувчи қонун нормаларига қатъий риоя қилиши билан боғлиқ.

Дарҳақиқат, жамият ҳаётида шахслар ўртасидаги мулкий характерда бўлган, яъни мол-мулкни эгаллаш, ундан фойдаланиш ва тарассуф этиш билан боғлиқ муносабатлар асосий ўрин тутади. Бундай муносабатларга албатта ким биландир гоҳ у ёки бу шаклда бўлсин, ҳар куни дуч келинади. Табиийки, шундай муносабатларга киришганда иштирокчилар ўртасида баъзида англашилмовчиликлар, тортишувлар ва турли низолар юзага келади. Мазкур низоларнинг вужудга келиш сабаблари ўрганилганда, улар аксарият ҳолларда муносабат иштирокчиларининг мулкий масалалар бўйича қонун ҳужжатларини яхши билмасликлари, шартномавий мажбуриятларнинг ижросига бефарқ қарашлари, қонунда ёки шартномада белгиланган ҳуқуқ ва бурчларини тўла англаб етмасликлари туфайли келиб чиқаётганлиги кўринади.

Айниқса, кўчмас мулкларни хусусийлаштириш, сотиш, ижарага бериш, ҳадя қилиш, мерос сифатида бировга қолдириш, гаровга қўйиш, биргаликдаги умумий мулкни тақсимлаш ёки ундан ўз улушини ажратиб олиш каби муносабатлар нисбатан мураккаб жараён бўлганлиги учун фуқаролар ёки юридик шахс лар мазкур соҳада кўпроқ хато ва камчиликларга йўл қўйишади.

Бироқ қанчалик мураккаб бўлмасин, қонун талабларини билиш ва унга риоя қилиш мазкур жараён иштирокчиларининг мажбурияти ҳисобланиб, аввало, ушбу шахсларнинг манфаатларига хизмат қилади, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

Баҳодир Қаршиев,
Самарқанд вилояти ҳокимлиги юридик хизмат бош юрисконсульти.