Кўҳна кентнинг Алишер Навоий кўчаси янгича қиёфада

Самарқанд шаҳрида жами 1821 та кўча мавжуд бўлиб, уларнинг умумий узунлиги 848,06 километрни ташкил этади. Шундан 444,6 километри шаҳарнинг марказий кўчалари бўлса, 403,4 километри ички кўчалардир.
2021 йилда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси томонидан жами 13,8 километрлик йўл таъмирланди. Шундан 11,9 километр маҳалла ички кўчалари бўлиб, 2,1 километр автомагистраль йўллар таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.
Бундан ташқари, Самарқанд шаҳрида 20 километр пиёдалар йўлаги янгидан бунёд этилди. "Обод маҳалла" давлат дастури доирасида 13 километр пиёдалар йўлаги қурилиб, 13,8 километр ирригация тармоғи куз-қиш мавсумига тайёрланди.
Алишер Навоий кўчаси Самарқанд шаҳрида пиёдалар учун мўлжалланган аҳоли гавжум кўчалардан бири. Бу кўча Университет хиёбони кўчаси билан туташган қисмидан Мирзо Улуғбек кўчаси билан кесишмасига қадар тўлиқ таъмирланди.
Бу ерда “SXF SAMARQAND CITY STROY” МЧЖ томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилган. Кўчанинг умумий узунлиги 1,5 километр. Кўчада 26 миллиард 560 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган.
Кўча янгича қиёфага кириши учун тўлиқ кўкаламзорлаштирилиб, замонавий ўриндиқлар, турли хил чироқлар ўрнатилди. Шунингдек, фаввора ва декоратив ўсимликлар ташкил қилинди.
Асосийси, Алишер Навоий ва Амир Темур кўчаси кесишмасида жойлашган ва 16 йил аввал кўмиб юборилган ер ости йўли қайта очилди ва тўлиқ таъмирланиб, аҳоли хизматига топширилди.
Очилиш маросимида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этиб, жамоатчилик вакиллари билан бирга кўча бўйлаб пиёда юрди.
Кўча бўйида вилоят мусиқали драма театри симфоник оркестри, вилоят рус драма театри актёрларининг чиқишларини томоша қилди. Шу кўчада жойлашган вилоят қўғирчоқ театри жамоаси томонидан саҳналаштирилган томоша ҳам тадбир иштирокчиларининг эътиборини тортди.