Кўкламда одамнинг нафас олиш тезлиги 3 бараварга тезлашади: Баҳор ҳақида қизиқарли фактлар

Одамлар йилнинг узоқ, совуқ қишидан кейинги иссиқлик, янгиланиш ва ўсишни олиб келадиган давр – баҳорда янги куч-қувват тўлқинини ҳис қилади. Бунинг изоҳи бор.
Изоҳ шуки, баҳорда нафақат табиат гуллайди, балки одамлар ҳам қиш уйқусидан “уйғонади”. Баҳорда биологик ритмлар қайтадан ишга тушади, Қуёш янада порлаб, кунлар узаяди, кўчманчи қушлар қайтиб келади. Ҳали бу табиатнинг барча “мўъжизалари” эмас. Баҳор фаслини янада кўпроқ севиш учун қандай сабаблар бор?
Баҳор ва ёзда болалар уч баравар тезроқ ўсади
Бу ҳақиқат Британия олимлари томонидан аниқланди. Тадқиқотлар натижалари болалар йилнинг сентябрь ойидан декабрь ойигача бўлган вақтга қараганда, мартдан августгача уч баравар тезроқ ўсишини аниқлади.
Биринчи бўлиб сакура гуллайди
Сакуранинг ватани Япония бўлишига қарамасдан, бугунги кунда унинг гўзал гулларини дунёнинг турли бурчакларида кўриш мумкин. Япон гилос дарахтларининг катта пушти тўп гуллари шаҳарлар кўча ва хиёбонларини гўё пушти булутлар ичида сузиб юрганга ўхшатиб, ниҳоятда гўзал қилади.
Баҳорги тенгкунлик куни
Астрономик баҳор 20 март куни кириб келади. Шу куни (қутблардан ташқари) бутун Ер бўйлаб кун ва тун бир хил вақт оралиғида давом этади. Бундан ташқари, Қуёш шарқда чиқиб, ғарбда ботади.
Энг кўп торнадолар баҳорда содир бўлади
Торнадолар баҳорда Ерни бошқа фаслларга қараганда 5 баравар кўпроқ силкитади. Эътиборлиси, уларнинг аксарияти кун давомида содир бўлади. Олимлар буни сайёра ўз биологик соатларининг қишдан ёзги вақтга қайта “кўриб чиқиб”, ўзгартириши билан боғламоқда.
Баҳорда ўсимликлар махсус биологик соатга мувофиқ уйғонади
Дарахтларнинг уйғониш вақти келганини аниқлашга ёрдам берадиган махсус механизми мавжуд. Иссиқликни биринчи бўлиб ўсимлик илдизлари сезади ва иссиқ келишига биринчи бўлиб “жавоб беради”. Улар 7-8 даража ҳароратда фаол ўса бошлайди.
Баҳорда одамлар уч марта кўпроқ нафас олади
Йилнинг қолган қисмига нисбатан баҳорда одамнинг нафас олиш тезлиги 3 бараварга тезлашади. Одатда одам соатига минггача нафас олади, баҳор ойларида эса кўпроқ. Олимлар буни тананинг қиш ойларидаги кислород танқислиги шароитида ўтказганлиги ва энди тикланишга интилаётгани билан изоҳлашади. Уйғонган ўсимликлар кўпроқ кислород чиқариши баробарида ўпкалар ҳам кучли интенсивлик билан ишлай бошлайди.
Баҳорнинг ўзига хос ҳаракат тезлиги бор
Олимлар эринмасдан ҳисоблаб чиқиб, баҳор кунига 50 километр тезликда ҳаракат қилишини аниқлашди. Улар буни алоҳида ўсимликлар тўп гулларини кузатиш орқали аниқлашга муваффақ бўлишди.
Ҳайвонот дунёси баҳорда бошқа рангли кийим кияди
Баҳор келганда кийимимизни ўзгартирадиган ягона биз эмасмиз. Қуёнлар, олмахонлар ва бошқа ҳайвонлар ўзининг очиқ рангли кийимларини ечиб ташлаб, қуюқроқ ранглисини “кийиб” олишади.
Қушлар қўшиқ айтишни баҳорда ўрганади
Умуман олганда, барча қушлар туғилишидан куйлаши мумкин. Лекин фақат “хиргойи”нинг ўзи етарли эмас, улар ўз турларига хос қўшиқларни яхшилаб ўзлаштириши лозим. Ҳар бир қуш маромига етказиб куйлашни фақат кейинги баҳорда, тахминан 300 кунлик бўлганида қила олади.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.