Коксартроздан қутулишнинг йўли борми?
- Ёшим 62 да, икки йилдан бери тизза оғриғидан азоб чекаман. Тиббий кўрикда менга коксартроз касаллиги ташхисини қўйишди. Бир қанча шифокорларга учрадим, уларнинг айтганларини қилиб, дори-дармон қабул қиляпман, лекин оғриқ қолмаяпти? Бу ўзи қанақа касаллик, уни жарроҳлик йўли билан даволаб бўлмайдими?
Усмон ҲОТАМОВ, Самарқанд шаҳри.
Коксартроз - тос-сон бўғим артрози касаллиги бўлиб, асосан ўрта ва кекса ёшли кишиларда учрайди. Бемор ҳаракатланганда кучли оғриқни ҳис қилади. Коксартроз жароҳатлар, умуртқа поғонасининг потологик қийшайиши, бўғимларнинг яллиғланиш касалликлари оқибатида келиб чиқиши мумкин.
Бугунги кунда дунё аҳолисининг 10-15 фоизи артроз касаллиги билан оғриган. Коксатроз эса бу касалликнинг энг кўп учрайдиган турларидан бири. Ёш ўтган сари унга чалиниш хавфи ошади. Касаллик аломатлари 30-40 ёшда аниқланади.
Мунтазам оғир жисмоний меҳнат билан шуғулланиш ҳам коксартрозга олиб келади. Агар бундай ҳаракатлар доим бир хил такрорланадиган бўлса, касалланиш вақти яқинлашаверади. Масалан, тизза бўғими артрози футболчиларнинг "профессионал" хасталиклардан бири саналади. Вазни оғир одамлар ҳам шу касалликка мойил бўлади. Агар иккита бўғимнинг бир-бирига тегиб турувчи юзаси яхши туташмаса, коксартроз келиб чиқади. Чунки бундай ҳолатда тоғайга босим бир хилда тушмайди. Коксартрознинг бу кўриниши кўпроқ сколиозга чалинган ёки ясси оёқли инсонларда ривожланади. Шунингдек, бўғимлар жароҳатланиши, яллиғланиши, шамоллаши, модда алмашинуви ва қалқонсимон без фаолияти бузилиши ҳам бунга сабаб бўлади.
Касалликнинг эрта босқичида бўғимдаги ўзгаришларда бироз қирсиллаш эшитила бошлайди. Кейинроқ овоз кучайиб, бемор ҳаракатланганда тез чарчаб қолади. Қон айланиши билан боғлиқ муаммолар юзага келса, тунги бетиним оғриқлар безовта қилади. Одатда улар ҳаракатланганда сусаяди. Агар тиззаларда оғриқ пайдо бўлса, тос суяги билан сон суягини туташтирган бўғим коксартрози аломатларидан бири бошланади. Шунингдек, бўғим атрофи тўқималарида яллиғланиш аломатларини ҳам кўриш мумкин.
Атеросклероз, климакс, мастопатия, фибромиома каби ҳолатларни бошдан кечираётганлар учун бу усул тавсия этилмайди. Шунингдек, коксартрозни даволашда электрофорез, локал баротерапия, метаболик терапия каби усуллардан ҳам фойдаланиш мумкин.
Бугунги кунда шифохонамизда бу касаллик билан оғриган беморларни жарроҳлик йўли билан даволаш кенг йўлга қўйилган. Шифокорларимиз 8 йилдан бери чаноқ-сон бўғимларини эндопротезлаш амалиётини ўтказиб келади.
Одилбек АВЕЗОВ, республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали бўлим бошлиғи.