Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кўнгил чироғи

Башорат бувининг кўзлари хиралашиб қолганига анча бўлди. Аммо у нолимайди, умрини узоқ, насибасини бутун қилган Яратганга шукрона айтиб, беш вақт намозни ёддан чиқармайди. Бироқ раҳматли чолидан қолган бу ошиённинг чироғини ёқиб ўтирган ёлғиз фарзанди Асқаджоннинг ўғли йўқлиги кўнглини хуфтон қилади.

Худога шукр, бир биридан лобар, одобли, ширин-шакар қиз неваралар берди. Қиз бола бировнинг хасми. Тўрттаси аллақачон келин бўлиб, ўзга хонадонларнинг севикли бекасига айланди, кенжасининг хам ҳадемай бўйи етади. Бироқ ўғилнинг ўрни бошқада. Худонинг карами кенг. Бувининг ўғил невара сўраб қилган илтижолари тўхтамайди. Насиб этса, келини яна фарзанд кўрадиган, шояд бу гал орзуси ушалса: “Эй, худо, марҳаматингни дариғ тутмай, Асқаджонимга ўғил бер, дийдорига тўйиб, тўйларини кўриб ўлсам, армоним йўқ”. Башорат буви юзига фотиҳа тортиб, жойнамозини йиғиштирди. Тонг саҳар Асқаджон тулғоқ тутган хотинини туғриқхонага олиб кетганди. “Илоё, эсон-омон қутулиб олсинда”.

-   Эна! Энажон, қаердасиз, ўғилли бўлдим, энажон, суюнчи беринг! – ташқаридан Асқаджоннинг ҳаяжонли овози эшитилди.

Башорат буви шоша-пиша пешвоз чиқиб, ўғлини бағрига босди:

-   Вой, суюнчи сендан айлансин болам. Яратганга шукр! – севиниб кетган буви пенсиясидан румоли учига тугиб қўйган пулни олиб Асқаджонга узатди.

-   Эна, бу нимаси, одамни хижолат қилманг! – Асқаджон онасининг қўлини қайтарди.

-   Уялма, ол болам, ота-боболардан қолган удум. Насиб бўлса, неварамнинг ақиқасини ўзим данғиллама қилиб ўтказиб бераман.

Башорат бувининг қувончи еру кўкка сиғмасди, шу тобда. Кўнглида ёнган чироқ шўъласидан хира кўзлари равшанлашиб кетди.

Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.