Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кореяда ноқонуний юрган муҳожирга Ўзбекистон Миграция агентлиги 12 минг доллар жарима солди

Жанубий Кореяда нолегал ишлаб юрган ўзбекистонлик 40 яшар меҳнат муҳожирининг Қашқадарёдаги уйига 3 март куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан 101 миллион 417 минг 250 сўмлик ($12 минг) жаримани тўлаб қўйиш тўғрисида талабнома келди, деб хабар бермоқда Служба Новостей Центральной Азии.

Қашқадарёлик 40 яшар меҳнат муҳожирининг Озодликка айтишича, у бундан 13 йил муқаддам – 2006 йилнинг кузида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан шартнома имзолаб Жанубий Кореяга ишга кетган.

100 миллион сўмлик жаримани тўлаб қўйиш тўғрисидаги Агентлик талабномасида қаҳрамонимиз шартномани 2006 йил 25 сентябрда имзолагани ва Кореяга ўша йилнинг 23 октябрида жўнаб кетгани эслатилган.

Агентликнинг ёзишича, ишчи шартнома талабларини бузиб, Кореяда қолиб кетган.

Бироқ шикоят қилган мигрантнинг айтишича, у ўз вақтида, яъни 2009 йилнинг октябрида Ўзбекистонга қайтган, Агентликка учраб, қайтиб келганини билдирган.

Қашқадарёлик меҳнат муҳожири ҳозирда Жанубий Кореяда нолегал юрганини яшираётгани йўқ. Фақат, унинг иддао қилишича, бу нолегалликнинг Агентлик билан тузилган Шартномага алоқаси йўқ.

“Кореядан 2009 йилнинг октябрида қайтиб келганимдан сўнг мени корейс тилини яхши билганим учун Кореяда ишлаганим корхона раҳбари ўзи таклиф қилди, визани ўзи тўғрилади, мустақил равишда виза олиб, Кореяга кетдим ва 2012 йилгача корхона билан тузилган контракт асосида ишладим. 2012 йили контрактим муддати тугади ва нолегал бўлиб қолдим”, - деди нолегал қашқадарёлик.

Агентликнинг ҳисобича, қаҳрамонимиз 2018 йилнинг баҳоригача Кореяда 10 йил нолегал юрган, бинобарин у тўлайдиган жарима 101 миллион 417 минг 250 сўмга етган.

Жарима билан боғлиқ ташвишидан шикоят қилган қашқадарёлик муҳожирнинг айтишича, шу кунда Жанубий Кореяда у билган камида 200 нолегал ўзбекистонлик бор.

Ҳар ой уйига 900-1000 долларга тенг ақча жўнатаётган қашқадарёлик йигитдан суҳбат давомида “2009 йилдан буён Ўзбекистонга келганингиз йўқми?” деб сўрадик хайрон бўлиб.

“Ҳа, борганим йўқ, ака, бу ерда 20 йилдан бери боролмай юрганлар бору!”- деди меҳнат муҳожири.