Коронавирусга қарши қисқа муддатларда тайёрланаётган вакциналар қанчалик хавфсиз?

Дунёнинг турли давлатлари коронавирус пандемиясининг навбатдаги хуружларига тайёргарлик кўраётган бир вақтда, кўплаб мамлакатларда COVID-19 га қарши вакцина намуналарини яратиш ўз якунига етмоқда. Қисқа муддатларда яратилган вакциналар қандай хавф туғдириши мумкин? Тез орада коронавирус пандемияси устидан ғалаба қозонишга умид борми?

Европа давлатлари пандемиянинг иккинчи тўлқинига тайёргарлик кўриш билан бир қаторда, COVID-19 га қарши вакцина пайдо бўлишини ҳам интизорлик билан кутмоқда. Бир неча юз минглаб одамларни ҳаётига зомин бўлган коронавирус устидан қозониладиган ғалаба тўғридан-тўғри вакцина билан боғланмоқда.  

Қачон дастлабки ишончли дори-воситалари пайдо бўлиши ва COVID-19 га қарши вакцинадан нима кутиш мумкинлиги ҳақида, БМТ қошидаги Халқаро вакциналар институтининг собиқ директор ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, DiaPrep System Inc. президенти Михаил Фаворов Euronewsга берган интервьюда сўзлаб берди.

- Рекорд даражада қисқа муддатда яратилган вакцинага қанчалик ишонса бўлади?

- Бу саволга жавоб бериш жуда мушкул, сабаби бизда бу қадар қисқа муддатда вакцина тайёрлаш тажрибаси йўқ. Иккинчи томондан, технологиялар сезиларли даражада ўзгараётганини барчамиз яхши тушунамиз, бундан беш йил илгари имкони бўлмаган нарсалар, айни вақтда қисқа муддатларда амалга оширилмоқда.

Бироқ энг катта муаммо шундаки, хозирги вакцина улкан тижорат қисмлардан иборат, шу сабабдан ҳам бугунги кунга келиб вакцина синовлари якунига етказилганини эълон қилаётган одамлар, фақатгина синовнинг биринчи босқичини назарда тутмоқдалар. Ваҳоланки энг оғир кечадиган ва энг кўп вақт талаб қиладиган жараён, бу иккинчи босқич ҳисобланади. Бу  “case control” ўташ синови. У “vaccine trail” деб аталади ва бу синов ЖССТнинг барча қоидалари асосида ўтказилади. Кимда ким бу жараённи қисқа муддатда ўтказишга харакат қилса, шунчаки халқаро вакцина савдоси билан шуғиллана олмайди.

Шундай қилиб, тасаввур қилинг, 30 минг киши Америка вакцинаси билан эмланди, яна 30 минг кишига эса оддий гриппга қарши навбатчи вакцина қилинди. Шу тариқа 60 минг киши олти ой давомида назоратда бўлади: COVID-19 га қарши вакцина олган одамлар билан гриппга қарши вакцина олган одамлар ҳолатида қанчалик фарқ бўлади, “efficacy” (натижа) кузатиладими?

- Олти ой?

- Ҳа, олти ой атрофида...

- Аммо бу ҳолатни жорий йилнинг охирига қадар вакцина тақдим этишга ваъда бераётган Moderna (АҚШ вакцина ишлаб чиқариш компанияси) ва бошқалар билан қандай қилиб таққослаш мумкин? 

- Биз сиз билан бу саволни муҳокама қилдикку (вакцина синовлари ҳақидаги эълонлар). Вакцина – бу жуда қийин бизнес. Агар сизнинг вакцинангиз жудаям яхши “efficacy”га эга бўлса (яъни, синов вақтида касалликни олдини олишини кўрсата олса) ва эмланганлар гуруҳи орасида статистикаси юқори бўлса, айтайлик ҳимоя юз баробар юқори бўлса, ўшандагина махсус рухсатномага эга бўлишингиз мумкин. Ўшандагина ваколатли идоралар: “сиз тажрибангизни охиригача давом эттирасиз, биз сизга ишлаб чиқаришга рухсат берамиз”, дейишлари мумкин. Бироқ ҳали ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кераклигини ҳам унутманг.

Умид қиламанки, вакцина айнан шундай таъсирга эга бўлади, бироқ биз сиз билан фақатгина “efficacy”, яъни вакцинанинг самарадорлиги ҳақида суҳбатлашдик. Салбий таъсирлар кузатилиши ёки кузатилмаслиги – бу умуман бошқа масала.

- Вакцинанинг хавфсиз эканига қандай ишонч ҳосил қилса бўлади?

- Вакцина хавфсизлиги кўп маротаба ва турли йўналишларда текширилади. Дастлаб жониворларда синалади, жумладан сичқон, қуён, маймун ва шу каби бошқа жониворларда... Яъни, бу битта қандайдир тажриба эмас. Айни вақтда бу ишларнинг барчаси амалга ошириб бўлинди, агар ундай бўлмаганда назоратчи идоралар одамларда синов ўтказишга рухсат бермаган бўлар эди.

Аммо 30 минг одам эмлангандан сўнг, жавоб топиладиган айрим саволлар бўлади. Барчани ташвишга солаётган асосий савол шундан иборатки – бу анти таначалар бор одамларда “касаллик кечишининг салбий эффекти”. Бу энг қўрқинчлиси. Нима учун? Чунки анти таначалар вирусга эмас, вакцинага қарши чиқади. Улар қанчалик вирус билан яқин ва қанчалик вирус оқсиллари билан тўғри келади?

Бу амалий савол, бу саволни лаборатория шароитида ечиш жудаям қийин. Бу айнан катта синовда (иикинчи босқичда) ечилади. Сизга шуни ишонч билан айтишга журъат этаман, бу жараён якунига етмагунича компаниялар томонидан оммавий вакцина ишлаб чиқарилиши тўғрисида гап ҳам бўлмайди.

-У холда ишончли вакцина пайдо бўлишини қачон кутсак бўлади?

- Мен сизга муддатлар ҳақида ҳеч нарса дея олмайман, мен билмайман. Мен илгари ҳам айтганман, фикримча январь ойларига қадар вакцина тайёр бўлмайди. Вакцина мавжуд бўлмайди эмас, у оммавий қўлланилишга тайёр бўлмайди.

- (Россия Федерацияси) Бош вазир ўринбосари Татьяна Голикова, вакцинани дастлабки етказиб берилиши сентябрь ойларида амалга оширилиши ҳақида айтган эди. Биринчи навбатда шифокорлар ва хавф гуруҳидаги одамлар эмланиши ҳақида маълумот берилган эди. Гап нима ҳақида боряпти?

- Улар қайси вакцина ҳақида айтганларини мен билмайман. Агар улар Гамалеи институти вакцинаси ҳақида айтишган бўлса, у ҳолда ҳозирча ҳеч ким менга унинг самарадорлигини исботлаб бергани йўқ, шу сабабли у (Голикова) кимнидир ўз ҳимоясига олганлиги ҳақида мен фикр билдира олмайман.

Мен ҳозирча биронта ҳам, чоп этилган тадқиқотни, кечирасиз, лекин маймунларда олиб борилган тадқиқотни ҳам кўрганим йўқ.  Улар шунчаки одамлардан бошлашди.

...Агар ишончли, асоратларсиз таъсир қиладиган вакцина пайдо бўлса, мен биринчилардан бўлиб бу вакцинани қабул қилишга рози бўламан.

Бекзод МУСУРМОНОВ таржимаси.