Коста-Рика ёки олтин соҳил
Христофор Колумб 1502 йилда ўзининг тўртинчи сафари чоғида Кариб денгиз соҳилларида жуда кўп ҳайратомуз жойларни аниқлайди.
Колумб ва унинг командаси аъзоларини, айниқса, сон-саноқсиз вулқонлар ва тилларанг пляжлар, яшил марварид қумлар ҳайратга солади. Бу жойни Колумб Коста-дел-оро, яъни «Олтин соҳил»деб атайди.
Бу ном ўзини тўлиқ оқлади. Маълум бўлишича, ушбу жойда яшовчи кўп сонли ҳиндулар беҳад кўп тилла тақинчоқлар тақиб юришади.
Яна бир ҳайратли жумбоқ шу эдики, соҳилга турли ҳажмда энг кичкина юмалоқ тошлардан диаметри 5-6 метр келадиган улканларигача сочилиб ётарди. Испан мустамлакачилари битмас-туганмас хазинага эга бу мамлакатни босиб олишга киришдилар ва Коста-дел-орони Коста-Рика, яъни бадавлат соҳил, деб қайта номладилар.
***
Аблаҳ машина
Машҳур америкалик актёр Жеймс Дин машинани тез ҳайдашни яхши кўрган. У «Porsche-550-Spyder» пойга машинасини харид қилиб, «Кичкина аблаҳ» деб ном қўяди.
1955 йил 30 сентябрь куни Жеймс автомобилида сайр қилишга чиқади. Деярли очиқ йўлда у тезликни соатига 150 километр тезликка чиқаради ва рўпарадан келаётган «Cadillac»ка урилиб, ҳалок бўлди. Аниқланишича, «Porsche» «Cadillac» билан ёнма-ён келганда кескин бурилиб, унга урилган. Ўзини ўлдириш учун Жеймсда ҳеч қандай сабаб бўлмаган.
Хуллас, бу машина кейин ҳам одамлардан қасд олишдан тўхтамайди. Масалан, пачоғи чиққан машинани гаражга олиб кетишаётганда автомобиль устаси унинг кузовидан йиқилиб, қўлини синдиради.
«Кичкина аблаҳ»ни қисмларга ажратиб сотишга қарор қилишади. Мотор ва кардон валини сотиб олиб ўз машиналарига қўйган икки автопойгачи навбатдаги пойгада ҳалокатга учрайди. Бу билан машина ўч олишни тўхтатмайди. «Porsche-550-Spyder»ни Жеймс Дин хотирасига бағишланган кўргазмада намойиш қилишаётганда, у махсус жойлаштирилган супадан қулаб тушади ва бир одамнинг ўлишига сабаб бўлади. Афтидан, аблаҳ, деган ном унга ёқмаган кўринади.
Т.Шомуродов тайёрлади.