Кутиб олинг, депутат келяпти! Бундан жамоатчиликка, жамиятга наф борми?
Маълум қилинишича, 18-20 апрель кунлари Олий Мажлис қуйи палатаси депутатлари ўз сайлов округларида бўлиб, аҳоли билан учрашувлар ўтказади.
Парламентдаги халқ вакиллари бу гал сайловчилар ҳузурида аниқ мақсад ва вазифалар билан ташриф буюради. Хусусан, Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонунлар, жумладан, ер участкаларига бўлган мулк ва ижара ҳуқуқини эътироф этишга қаратилган қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти кенг жамоатчиликка, тадбиркорлик субъектларига тушунтирилади.
Хабарингиз бўлса, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда депутатлар томонидан қабул қилинди.
Нима бўлибди, дейишга шошилманг. Чунки ўрганишлар давомида ҳуқуқий ҳужжатлари йўқ ёки тўлиқ бўлмаган, ер участкасидан узоқ йиллар давомида фойдаланиб келаётган ёки ерга бўлган ҳуқуқларни расмийлаштириш масаласи турли сабабларга кўра охирига етказилмаган 3,8 миллиондан ортиқ 493 минг гектар ер участкалари мавжудлиги аниқланган.
Амалдаги қонунчиликда ушбу муаммоли ер участкаларига нисбатан ҳуқуқларни эътироф этишнинг ҳуқуқий асоси ва тартиби йўқ эди.
Ҳафта аввал Сенатга юборишга келишилган қонун лойиҳасида бу масалага қандай ечим кўзда тутилмоқда? Қонун ижодкорларидан шу каби ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олишга имкон бўлади.
“Яшил макон”лар ўрганилади
Хабарда яна бир муҳим жиҳат бор. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида “Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги ишлар ҳамда чиқиндиларни бошқаришни такомиллаштириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар ҳолати ўрганилади.
Маълумот учун: бу йиғилиш 29 март куни ўтказилганди. Унда ҳудудларда боғлар яратиш, йўл бўйларида 10 қатордан дарахтлар экиш Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Наманган вилоятларидан ташқари аксар ҳудудларда дарахт экадиган жойлар ҳалигача белгиланмагани, суғориш ва кўчатга пул ажратилмагани билдирилган.
Демак, қонун ижодкорлари вазият энди қай томонга ўзгаргани билан қизиқади.
Қайд қилинган йиғилишда галдаги вазифалар, янги ташаббуслар муҳокама қилинган. Хусусан, кўп қаватли уйда яшайдиган одамларда дарахт экиб, яшиллик яратиш учун ер йўқ. Жанубий Корея тажрибаси асосида туманлар ҳудудидан ер ажратилиб, 30 йил муддатга ободонлаштириш бошқармаларига берилиши белгиланган. Маҳаллий бюджет ҳисобидан томчилатиб суғориш тизими жорий қилиниб, ер тайёр ҳолга келтирилиб, кўчат экиш истаги бор аҳолига таклиф этилиши керак эди.
Парламентдаги вакилларимиз бу вазифа қай тариқа ижро этилаётганини ҳам ўрганишади. Умуман, ҳудудларда ободонлаштириш, тозаликни таъминлаш бўйича мутлақо янги тизим қай тариқа йўлга қўйилаётганини ўзлари келиб кўришади.
Маҳаллий ижро органларига шундай дейишга асос бор: кутиб олинг, депутат келяпти. Зотан, юқоридаги масаладан ташқари маҳаллалар ва аҳоли хонадонларида Сайхунобод тумани тажрибаси доирасида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар ҳолати ўрганишлар марказида бўлади.