Куй авжида узилмасин тор...
КУЙ АВЖИДА УЗИЛМАСИН ТОР...
Беназир истеъдод, жўшқин қалб, Ватан ва миллат ошиғи, адабиёт ва санъат шайдоси, ижодкор, вафоли дўст, меҳрибон ота...
Атиги 33 йил яшаган, аммо Самарқанд ва Ўзбекистон адаб илмида ўчмас из қолдирган Илҳом Ҳасановнинг таърифу тавсифига юқоридаги сўзлар тизмаси озлик қилади. Унинг чегара билмаган хаёлоти, осмон қадар кенгиш орзулари, катта ғайрат-шижоат билан бошлаган ишлари, афсуски, айнан шоирнинг машҳур шеъридаги сатрда айтилганидай бешафқат ўлим туфайли “куй авжида узилган тор” каби ярим қолди...
Тақдир каминани Илҳом Ҳасанов билан 1980 йилда СамДУ остонасига талаба сифатида қадам қўйганимда учраштирди. Келажакда жуда қалин дўст-биродар бўладиган кишиларнинг дастлабки учрашувлари совуқроқ кечади, деган гап бор-ку. Худди ана шундай бошланган бизнинг ака-укалигимиз, беғараз дўстлигимиз. Ўжарроқ 1-курс талабаси билан домласининг амалий дарсларига кирадиган аспирант ўртасидаги гап талашиш ва муноқашалардан кейин, иккимиз ҳам англадикки, стандарт тарзда фикрламайдиган ва ўша йилларнинг машҳур стеротип (ёлғон)ларига ишонмайдиган типлар сифатида бизлар аслида ҳамфикр эканмиз. Кейинчалик ҳамфикр, ҳаммаслак сифатида жуда яқин бўлиб кетдик, дўст бўлдик, ака-ука бўлдик.
Илҳом Ҳасанов зуваласи шу элнинг тили ва адабиёти билан қорилган ва шу сабабдан тилга, адабиётга, санъатга, сўзга эҳтироми катта бўлган бир олим, ижодкор сифатида яшади. 1986 йилда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилганида бутун факультет қувонган эди. Республика ва вилоятдаги барча адабий давраларнинг гули эди у. Тошкентдан келган шоир ва ёзувчилар дастлаб унинг ва устози профессор Нуриддин Шукуровнинг “қўлига тушарди”. Ўнлаб тирик классик бўлган шоир ва ёзувчилар билан И.Ҳасановнинг соясида танишганмиз. Унинг дўстлари жуда кўп эди, ёзувчи ва шоирлар, танқидчи ва театршунослар, санъаткор ва актёрлар, талабалару бино қоровуллари – бу тоифанинг барчаси орасида унинг юзлаб дўстлари бор эди. Барча уни ҳурмат қилар, ич-ичдан севарди.
Илҳом Ҳасанов ўз элининг ашаддий ватанпарвари, ўз тилининг толмас ҳимоячиси эди. Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди: 1987 йил охирида, қайта қуриш (“перестройка”), ошкоралик (“гласность”) сиёсати авжига чиққан паллада Илҳом Ҳасанов университет ёшларининг етакчиси этиб сайланди. “Жони чиқай” деб турган бу ташкилот унинг катта ташкилотчилик иқтидори, одамлар билан мулоқот қила олиш ва ишлай олиш қобилияти, нотиқлиги, инсонийлиги соясида қайтадан тирилди, СамДУ ёшлар ташкилоти мамлакатнинг энг илғор “комсомоли”га айланди.
1988 йили кузда ўзбек тилини давлат тили қилиш учун жамоатчилик ўртасида ҳаракатлар бошланган эди. Факультет фойесида, Навоий бюсти ёнида ҳар кун оёқ устида соатлаб шу масалани муҳокама қилиш якунида қарор қилдикки, Самарқандда ҳам бир “Тил байрами” ниқоби остида ўзбек тилини давлат тилига айлантириш учун митингча ўтказиб, халқ ва ёшларнинг фикрини “юқорига” билдириб қўямиз (Ўша тил учун курашнинг дастлабки саҳифаси бўлган митингчанинг иштирокчилари ва уни эслайдиганлар бор). 1989 йил 7 февраль куни спорт залида 400-500 кишилик рухсат этилмаган митингни ўтказдик. Илҳом Ҳасанов мажлисни олиб борувчи эди, ҳаяжондан овози титрагани, бўғилгани эсимда, аммо “Тил байрами” катта муваффақият билан ўтди, якунда мамлакат раҳбарларига ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш бўйича мурожаат қабул қилинди. Бу мурожаат матнини ҳам Илҳом ака билан ётоқхонада конспиратив бир шаклда тайёрлаган эдик.
1990 йилда “Ёшлик” журналида “Ўзбекистон мустақил бўла оладими?” рукнида берилган ва бомба эффектини яратган илк интервьюларнинг ташкилотчиси ҳам И.Ҳасанов эди. Ўша вақтдаги журнал редактори унга “Илҳом, Сиз самарқандликлар бу мавзуни бошлаб беринглар, кейин бошқа вилоят ва шаҳарлардан ҳам фикрлар оламиз”, деган экан. И.Ҳасанов, Н.Эрназаров, камина ва яна исмини унутганим 2 кишининг ярим саҳифадан фикрлари берилган эди ўша интервьюда. Илҳом Ҳасановнинг фикрларида комил ишонч билан “Ўзбекистон мустақил бўла олади!” деб ёзган эди ва бу мустақиллик бошқа қардош Туркистон халқларининг мустақиллиги, дўстлиги ва ҳамкорлиги билан янада гўзаллашади”, деган фикрни ҳам баён қилган эди. Орадан 1 йил ўтмай, 1991 йилда юртимиз мустақилликка эришди, қарийб ўттиз йилдан кейин эса у орзу қилган минтақа халқларининг дўстлиги ва бирдамлиги абадиян барпо этилди. Аммо бу кунларни – она юрт озодлигини ва Туркистон халқлари ўртасидаги дўстлик ва қардошлик тантанасини кўриш, во дариғо, унга насиб қилмади...
Аммо олим ва ижодкорнинг ортида унинг орзуларини яшатган фарзандлари, ака-укалари, дўсту-биродарлари ва шу озод Ватан, бугун ўзининг қонуний мақомига эришган она тили, унинг хотирасини ҳеч қачон унутмайдиган элу юрти қолди... Ягона тасаллимиз – шу.
Жўлибой Элтазаров,
филология фанлари доктори, профессор.