Куз ва қишда хонадонлар ва корхона-ташкилотларда “свет”нинг маромида бўлиши учун электр энергияси таъминоти корхоналари қандай тадбирлар қўллаяпти?

Айни кунда Самарқандда 40 йилдан ортиқ хизмат қилаётган 3 851 та трансформатор, шунча вақтдан буён фойдаланиб келинаётган 9 573 километрлик 0.4-6-10 кВ ли электр узатиш тармоқлари, 25 йилдан ортиқ фойдаланиб келинаётган 3 410 та трансформатор, 6 968 километрлик электр узатиш тармоқлари бор. Вилоятда мавжуд 565 мингдан зиёд симёғочнинг 245 мингтаси эски, ёғоч устунлар. Шундан 60 825 таси авария ҳолатида.

2020 йилда вилоятимиздаги 2 та нимстанция, 575 километр масофадаги электр узатиш тармоғи реконструкция қилинди. Жойларда 306 та янги трансформатор пункти ўрнатилиб, 5079 та хизмат вазифасини ўтаб бўлган ёғоч устунлар темир-бетон устунларга алмаштирилди.

Паст кучланишли электр тармоқлари ва трансформатор пунктларини модернизация ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари асосида жорий йилнинг ўтган вақтида 224,8 километр узунликдаги электр узатиш тармоғи, 98 та трансформатор пункти жорий таъмирланиб, 4713 та темир-бетон устунлар ўрнатилди. Эътиборли жиҳати, бу темир-бетон устунларнинг 1663 таси хусусий корхоналардан харид қилинган бўлса, 3050 таси 2021 йилда жамият қошида қурилган цехда ишлаб чиқарилган. Жорий йил яна 17 929 та эски устунларни янгисига алмаштириш режалаштирилган бўлиб, уларнинг 8820 таси жамиятга қарашли цехда ишлаб чиқарилади.

Шунингдек, йил якуни қадар 935 километр узунликдаги электр узатиш тармоғини реконструкция қилиш, 2801 километр узунликдаги электр узатиш тармоғи ва 854 та трансформатор пунктини мукаммал таъмирлаш, жойларда 211 та янги трансформатор пунктини ўрнатиш кўзда тутилган. 2022-2023 йилларда эса яна 12 та куч трансформатори ҳамда юклама билан ишлаётган 29 та нимстанциядаги 40 та трансформатор катта қувватлисига алмаштирилади. Натижада 225 мВт. қўшимча қувват яратилиб, аҳолига етказиб берилаётган электр энергиясининг сифати янада яхшиланади.

Бугун олдимизда турган яна бир долзарб вазифа — истеъмол қилинган электр энергиясининг ҳисобини тўғри юритиш ҳамда йўқотишларнинг олдини олиш. Айни мақсадда тизимга рақамлаштирилган технологиялар жорий қилинмоқда.

Жумладан, вилоятимиздаги электр энергияси истеъмолчиларига жами 825 464 та замонавий АСКУЭ ҳисоблагичларини ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, бугунга қадар уларнинг 775 776 таси ўрнатилди. Қолган 49 688 та ҳисоблагич 1 августга қадар ўрнатилиши белгиланган. Бу бир кунда ўртача 1343 дона ҳисоблагич янгисига алмаштирилади, дегани.

Мазкур ислоҳотнинг натижасини рақамларда таҳлил қиладиган бўлсак, 2018 йилнинг май ойида 210 315 истеъмолчидан бир ойда 35 миллиард сўм тўлов ундирилган бўлса, жорий йилнинг май ойида қамров икки баробардан зиёдга ошиб, 550 352 истеъмолчидан 118,6 миллиард сўм ундирилган.

Афсуски, қарздорлик масаласи ҳалигача тўлиқ ечимини топгани йўқ. Вилоятимизда электр энергияси истеъмолидан дебитор қарздорлик йил бошига нисбатан 62,0 миллиард сўмга ортиб, 790,0 миллиард сўмни ташкил қиляпти. Бунда қарздорлик кўрсаткичи асосан январь-март ойларида ошган бўлса, апрель ва май ойларида камайтиришга эришилди. Хусусан, 345 истеъмолчининг 109,0 миллиард сўмлик дебитор қарздорлигини ундириш мақсадида судга даъво аризалари киритилди ҳамда 231 ҳолатда 9,8 миллиард сўмлик ҳал қилув қарорлари чиқарилди. Бундан ташқари, тизимга ноқонуний уланишларни аниқлаш мақсадида 76 марта рейд тадбирлари ўтказилиб, жараёнда 2176 истеъмолчига нисбатан 16,3 миллиард сўмлик ҳуқуқбузарлик далолатномалари тузилди.

Тизимда ўз ечимини кутаётган, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар кўп. Мисол учун, айни кунда вилоятимизда 40 йилдан ортиқ хизмат қилаётган 3 851 та трансформатор, шунча вақтдан буён фойдаланиб келинаётган 9 573 километрлик электр узатиш тармоқлари, 25 йилдан ортиқ фойдаланиб келинаётган 3 410 та трансформатор ва 6 968 километрлик 0.4-6-10 кВ ли электр узатиш тармоқлари бор. Вилоятда мавжуд 565 мингдан зиёд симёғочнинг 245 мингтаси эски, ёғоч устунлар. Шундан 60 825 таси авария ҳолатида.

Ушбу камчиликларни босқичма-босқич бартараф этиш олдимиздаги асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Шу мақсадда “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖда бир нечта йўналишларда манзилли дастурлар ишлаб чиқилган. Уларга асосан 2022-2026 йилгача 5 202,8 километр узунликдаги электр узатиш тармоғи ва 1798 та трансформатор пунктларини реконструкция ва модернизация қилиш, 120 мингдан ортиқ темир-бетон устунларни ишлаб чиқариш режалаштирилган. Шу билан бирга, жорий йилнинг якунига қадар қўшимча манбаларни яратиш ҳисобига қурилиши якунланмаган объектларда ишни якунлаш, 119 минга яқин истеъмолчини биллинг тизимига улаш кўзда тутилган.

Гулзуҳра Сайдуллаева,

“Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ умумий масалалар бўйича директори.