Лондон кўргазмасида "Silk Road Samarkand" маркази Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини намойиш этмоқда
"Silk Road Samarkand" халқаро сайёҳлик маркази ва "Rocket DMC Uzbekistan" туристик компанияси шу кунларда Лондонда 6-8 ноябрь кунлари бўлиб ўтаётган World Travel Market кўргазмаси доирасида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини намойиш этмоқда.
Ўзбекистон стендида кўргазма меҳмонлари ва иштирокчиларига юртимизнинг барқарор ривожланаётган туризм соҳасинининг кенг имкониятлари ҳақида сўзлаб берилади. Биринчи куни стендга 500 дан ортиқ одам ташриф буюрди. Айниқса, дунёнинг йирик сайёҳлик компаниялари, шунингдек, бир қатор материалларни чиқариш мақсадида "Silk Road Samarkand" мажмуасига ташриф буюриш истагини билдирган журналист ва блогерлар қизиқиш билдирмоқда.
World Travel Market (WTM) дунёдаги саёҳат ва туризм соҳасидаги энг нуфузли тадбирдир. Кўргазма халқаро сайёҳлар ҳамжамиятини бирлаштиради. Ушбу кўргазма туризм соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш, қидириш ва қиёсий таҳлил қилишни таъминлайди ҳамда бутун дунёдаги экспонентларга ўзларининг туризм кўламини халқаро майдонда намойиш этиш учун имконият яратади.