Лондонда отишма рўй берди, жароҳатланганлар ичида болалар ҳам бор
Лондон марказидаги черков яқинида содир бўлган отишмада жароҳатланганлар сони олти кишига етди, улардан икки нафари бола. Бу ҳақда пойтахт полиция департаментига таяниб, “ТАСС” хабар бермоқда.
Ҳодиса Британия пойтахти марказидаги Юстон темир йўл вокзали яқинидаги Финикс-роудда содир бўлган.
Етти ёшли қизалоқ касалхонада оғир аҳволда экани айтилмоқда. Яна бир 12 ёшли қиз оёғидан енгил жароҳат олган ва зарур ёрдам кўрсатилганидан сўнг шифохонадан чиқарилган.
Шунингдек, 4 нафар аёл яраланган. Улардан уч нафарининг аҳволи ҳаётга хавф туғдирмайди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг таъкидлашича, айни пайтда тезкор суриштирув ишлари олиб борилмоқда. "Ҳозирги босқичда ҳеч ким ҳибсга олинмаган", деган полиция.
Аввалроқ Лондонда дафн маросими бўлиб ўтган черков яқинида номаълум шахс томонидан амалга оширилган отишмада тўрт киши жароҳатлангани хабар қилинганди. Дастлабки маълумотларга кўра, жиноятчи ҳаракатланаётган автомобилдан ўт очган ва воқеа жойидан қочиб кетган.