Маҳалла турли босимлардан озод этилмоқда
Маҳалла фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади. Бу ҳақдаги қонун лойиҳасини икки ойда ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритишни Шавкат Мирзиёев Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашига топширди.
Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Қонун лойҳасида:
Фуқаролар йиғини қарорини бажармаганлик; маҳалла йиғини раиси фаолиятининг кафолатларини бузганлик учун ҳам маъмурий жавобгарлик жорий этилиши лозимлиги белгиланган.
Шунингдек 2 апрель куни президент имзолаган маҳалла мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонга мувофиқ фуқаролар йиғинлари раисларини, ходимларини уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш тақиқланади.
Маҳалла фаолиятига асоссиз аралашиш, тааллуқли бўлмаган вазифаларни юклаш, шунингдек, фуқаролар йиғинлари балансида бўлган биноларни бошқа шахсларга бириктириш ёки асоссиз равишда олиб қўйиш ҳам тақиқланади.
Амалдорлар мазкур талабларни бузганлиги учун эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган шахсий жавобгар бўлиши тўғрисида огоҳлантирилди.