Маҳалладошлар бир қарич ерни ҳам бўш қолдирмайди

Паст Дарғом туманидаги Истиқбол маҳалласи аҳолиси ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланади. Эрта баҳордан кеч кузгача томорқасида уч-тўрт марта экин экиб, шунинг эвазига рўзғорини обод қилаётган деҳқонлар кўпчиликни ташкил қилади.

- Ҳудудимиздаги 3 қишлоқда жами 111 гектар томорқа ер майдонлари мавжуд, - дейди Истиқбол маҳалла фуқаролар йиғини масъул котиби Анора Ўринова. – Маҳалладошларимиз бир қарич ерни ҳам бўш қолдирмайди. Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришдан ташқари ҳовлиларида қўй, мол, қуён ва парранда боқадиларганлар ҳам талайгина.

Шу маҳалланинг Галабола қишлоғидаги 1-уй Шокир Бобоназаровга қарашли. Ҳовлига кираверишда очилиб турган гуллар, тартибга келтирилган томорқа бу хонадон эгаларининг меҳнатсеварлиги, саришталилигидан дарак бериб турибди.

- 6 сотих томорқамиз бор, - дейди Ш.Бобоназаров. – Февраль ойининг иккинчи ярмида картошка экканмиз, май ойида ҳосилни йиғиштириб оламиз. Унинг ўрнида лавлаги, кейин шолғом ва турп экамиз. Меҳнат қилиб кам бўлганимиз йўқ. Шу биргина томорқа билан рўзғор тебратяпмиз, орзу-ҳавас кўряпмиз.

Маҳалланинг яна бир қишлоғи Аччи деб номланар экан. Аммо бу қишлоқда бир-биридан ширин мевалар, сабзавот ва полиз экинлари етиштирилади.

- Ўзим ҳам, турмуш ўртоғим ҳам пенсияда, - дейди шу қишлоқда яшовчи Яхшигул Бойсариева. – Невараларимизни ёнимизга олиб 6 сотихли  томорқамизда меҳнат қиламиз. 2 сотихлик иссиқхонамиздан йилига тўрт марта ҳосил оламиз. Қолган қисмидан ҳам бир йилда уч марта фойдаланамиз. Йил давомида рўзғорга керак бўлган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиб олмаймиз. Аксинча, ўзимиздан ортганини бозорга чиқарамиз. Томорқадан ҳар йили 10-15 миллион сўм, баъзида ундан ҳам кўпроқ даромад қиламиз.

Томорқа — ризқ-насиба, мўмай даромад манбаи эканлигини ҳис қилган истиқболликлар бозорларимизни арзон ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдиришга, дастурхонларимизнинг тўкинлигини таъминлашга ҳисса қўшиб келмоқда.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ.