Маҳдуми Аъзам ва Нақшбандий тариқатининг сўнгги намояндалари

Бугунги кунда Самарқандда яшаб ўтган буюк алломалар асарлари устида тадқиқотлар олиб борилиб, бу асарлар қайта чоп этилди. Яқинда тарихчи олим Комилхон Каттаев буюк алломалар ҳақида маънавий қимматга эга бир қатор китобларни нашр қилди.

Улардан бири «Мажмуа ар-рисоил» тўпламидир. Нақшбандия тариқатининг буюк вакили Маҳдуми Аъзам Даҳбедий бу тариқатнинг улуғлигини илк бор илмий жиҳатдан исботлаб берган, бу ҳақда ўнлаб илмий-назарий асарлар ёзган. Аксарият асарлари “Мажмуа ар-расоил” тўпламига жамланган. Муаллифнинг 30 га яқин рисолаларини ўз ичига олган ушбу тўплам нусхаларини дунёдаги барча йирик шарқ қўлёзма кутубхона хазиналарида учратиш мумкин.

Аммо унинг муаллиф ўз қўли билан кўчирган нусхаси Маҳдуми Аъзам авлодларидан Каттахонхожаи Даҳбедий (1868-1969) нинг шахсий кутубхонасида мавжуд бўлиб, бу тўлиқ ва камчиликсиз, мукаммал нусха деб тан олинган.

Ушбу тўплам асосан тасаввуф таълимотига бағишланган бўлиб, уларда Қуръони карим оятлари, Ҳадиси шариф ва Шарқ тафаккурининг илғор намояндалари фикрлари таҳлил этилиб, илмий-назарий хулосалар баёни берилган. Ушбу тўпламни Маҳдуми Аъзам Даҳбедийнинг ўз даври устувор тариқати ҳисобланган Нақшбандия силсиласининг назарий қонун-қоидалари жамланмаси дейиш мумкин.

Юртимизда Нақшбандия тариқати билан бир қаторда Яссавия тариқатининг ҳам ўрни катта. Ушбу тариқатнинг сўнгги вакилларидан бири Жўш Ота ҳақида нашрдан чиққан “Жўш ота ва Яссавия силсиласи тарихи” китобида батафсил баён қилинган. Жўш ота тариқат пешвоси Хожа Аҳмад Яссавийнинг тўртинчи халифаси бўлган Ҳаким отанинг набираси бўлиб, ҳозирда Жўш ота номи билан танилган мавзеда фаолият юритган, ушбу манзилда яшаб, шу ерда вафот этган.

Қўшработ туманидан етишиб чиққан тариқат пирларидан яна бири Домла Камолиддин Охун ибн Олимбойдир. Қўшработ туманининг Шова қишлоғида яшаб фаолият кўрсатган пир халқ орасида қисқача Домла Камол номи билан машҳур бўлган. У зот ўзининг илми, камтарона ҳаёт тарзи, топганини халққа тарқатиш одати билан шуҳрат топган. Нақшбандия тариқати пирларидан бўлган Домла Камолиддин тўғрисида айрим мақола ва тўлиқ бўлмаган маълумотлар учраса-да шу пайтгача бирор бир илмий рисола мавжуд эмас эди.

“Домла Камолнинг Аълия тариқатида ўрни ҳамда юртимизнинг охирги машҳур муршидлари” китоби ҳам нашрдан чиқди. Китобда Нақшбандия-Аълия тариқати тарихи, ХХ аср ўрталарида фаолият кўрсатган Аълия тариқати муршиди Домла Камолиддин Охун, Шарифия тариқати муршиди Каттахонхожа Даҳбедий ҳамда Аълия тариқатининг кейинги давр пешволари тарихи тўғрисида сўз боради.

Дунё илм-фани ва тамаддуни ривожига туртки берган зиё масканлари – мадрасалар илк бор юртимизда пайдо бўлган. “Самарқанд мадрасалари ва илму фан ривожи” китобида Самарқанд шаҳрида мавжуд бўлган ва фаолият кўрсатган мадрасалар тўғрисида сўз юритилган бўлиб, унда Самарқанддаги 55 та мадрасанинг тарихи, улар жойлашган мавзелар таълим тизими ва иш юритилиши ҳақида қимматли маълумотлар берилган.

Ушбу китоб 2003 йилда илк марта ва 2007 йилда Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллигига бағишланиб чоп этилган эди. Китоб олий мадрасалар меросхўри бўлган Самарқанд давлат университетининг 600 йиллиги олдидан қайта чоп этилди.

Ушбу китобларнинг барчаси пойтахтимиздаги “Qamar-media” нашриётида чоп этилган.

Мазкур китоблар юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишда нодир манба бўлиб хизмат қилади.

Сулаймон МАРДИЕВ.