Маҳмудхўжа Беҳбудий: Чўғ устида кечган умр
Уй-музейдан буюк маърифатпарварнинг ҳаёт бўлган ягона невараси яшайдиган манзилгача
«Ҳоло ойинаи жаҳон статистиқларига боқилса, мусъатча (ҳудуд) Бухорони тўртдан бири, нуфусға (аҳоли сонига) тақрибан баробар, Сербия мамлакатини 2 миллиён халқи учун 60 тадан зиёда газета нашр бўладур. Инчунин, 2,5 миллиён юноний грекларни 200 зиёда газетаси бордур. 3 миллиёнга яқин Хива, Бухорони бир адад газетаси йўқдур. 9 миллиён Ўрта Осиё мусулмонларини бир газетаси, (тағин) бир газета чиқармоққа салоҳияти, истеъдоди йўқдур!
Ҳайҳот! Ибрат лозим!” (Маҳмудхўжа Беҳбудий)
Бир асрдан сўнг хизматлари улуғланди
Самарқанд шаҳридаги Мир Саид Барака кўчаси, 47-уйда бутун умрини чўғ устида юриб ўтказган жадид боболаримиздан бири – Маҳмудхўжа Беҳбудий яшаган. Айнан шу ерда воҳадаги илк пьеса дунё юзини кўрган ва шу хонадонда спектакль шаклида ижро этилган, шу ерда шаҳарда илк бор барча учун эшиклари очиқ кутубхона ташкил этилган, шу хонадонда ҳудуднинг илк газетаси чоп этилган ва унда ўткир, долзарб мақолалар битилган, шу ерда усули жадид мактабларининг тамал тоши қўйилган, дарсликлар ёзилган… Бундай заҳматли меҳнатларни санабгина адоғига етолмайсан киши.
Ушбу уй-музей мамлакатимиз раҳбарининг қуйидаги фикрларидан сўнг 2021 йилда ташкил этилган: “2020 йилда халқимиз тарихининг мураккаб дамларида, маърифат машъаласини баланд кўтариб чиққан улуғ аллома ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллик таваллуд санаси кенг нишонланади.
Умуман, биз жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак. Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади”.
Президентимизнинг айнан шу фикрларидан сўнг Беҳбудий ҳазратлари «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланди ва бу юксак мукофотни унинг эваралари қабул қилиб олишади.
Мана, шу тарихий ҳодисага ҳам икки йил бўлди. Аслида бу маскан маърифат сочувчи, ижодкорларнинг доимий бораргоҳи бўлиши керак. Бу маскан сизни ўтмишга чорлайди, жадидларнинг ҳаётига, фаолиятига турли призмалардан яна бир назар ташлашингизга имкон беради. Сизга куч беради, бугунингиз ҳақда хулоса чиқаришга кўмакка келади.
Қарийб етти сотих майдондаги уй ва ҳовлидан (аслида 21 сотих бўлган, айни пайтда қолган майдонлар ҳам уй-музейга ажратилиши учун саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда) иборат музейда нафақат Беҳбудийга тегишли бўлган ашёлар, балки ўша пайтдаги жадидлар ҳаёти ва фаолиятини кўрсатиб берувчи юзга яқин экспонат мавжуд.
Беҳбудий ким эди? Ёзувчими, журналистми, қозими?
Буюк маърифатпарвар, янги мактаб ғоясининг назариётчиси ва амалиётчиси, ўзбек драматургиясининг асосчиси, ношир, журналист, ХХ асрнинг бошларидаги Туркистон ижтимоий-сиёсий ҳаракатининг йирик намояндаси ва жадидчилик ҳаракатининг раҳнамоси - Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йилда Самарқанд яқинидаги Бахшитепа қишлоғида дунёга келган, - дейди уй-музей мудири Гулмамат Аҳмедов. - Маҳмудхўжа Аҳмад Яссавий сулоласидан бўлиб, отаси Беҳбудхўжа, бобоси Солихўжа ва катта бобоси Ниёзхўжа Самарқанднинг нуфузли оилаларининг намояндалари бўлганлар, қорилик ва имомлик билан тирикчилик қилганлар.
Маҳмудхўжа Беҳбудий 6-7 ёшларида Самарқандда катта тоғалари Муҳаммад Сиддиқ ёрдамида хат-савод чиқаради. Кейин отаси Қуръонни ўргатади. 15 ёшида тоғаси муфтий Одил ҳузурида илм олишга киришади. Бу ерда у араб тили грамматикаси ва замонавий фанларни ўргана бошлайди. 1889 йил Чашмаобод қишлоғида қозилик қила бошлаган тоғаси Муҳаммад Сиддиқнинг ҳузурида мирзалик қилади, шунинг баробарида муфтиликка тегишли бўлган шариат қоидаларини ўрганади. Кейинчалик иш фаолиятини Кобут волости (бугунги Самарқанд, Тойлоқ ва Жомбой туманлари ҳудуди)да мирзаликда давом эттирган. Ўқиб-ўрганишга бўлган иқтидори туфайли ўз даврининг юксак эътиборли лавозими – муфтилик рутбасига эришди. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, ҳатто бугун мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари тарихини ҳам Беҳбудий билан боғлашга уринишлар мавжуд. Негаки, айнан Беҳбудий ўғирлик учун қўли кесилган киши оиласига, жамиятга қанчалик зиён келтиришини рақамларда ҳисоб-китоб қилиб беради ва афв тушунчасини киритади.
1899 йили Махмудхўжа Беҳбудий Ҳаж сафарига чиқади ва бу сафар саккиз ойга чўзилди. Маҳмудхўжа Беҳбудий сафар давомида турли мамлакатлар аҳволи, воқеа-ҳодисалардан воқиф бўлади, дунёқараши кенгайиши ва фикри ўзгаради. Туркистондаги сиёсий жараёнларни ҳар тамонлама таҳлил қилиб, Оқ пошшо мустамлакаси остида бир неча ўн йиллар давомида ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан қулга айланган халқ билан озодликка чиқиш мумкин эмаслигини англаб етади.
Ана шу сафари даврида Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистоннинг Чор Россиясидан озод бўлиш йўлларини қидирди ва Самарқандга қайтгач, ўша замоннинг дунёқараши кенг бўлган инсонлари билан тарихимизнинг таназзул босқичлари ва сабаблари юзасидан мунозара ва тафтишлар олиб боради.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз юртининг озодликка эришиши учун, энг аввало, озод юртни бошқара оладиган ва ўз юртини ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқадиган янги авлодни тарбиялаш зарурлиги ғоясини олдинга суради ва шу ғояларни амалда татбиқ эта бошлайди.
1903 йилда Самарқанд атрофидаги Ҳалвойи ва Ражабамин қишлоқларида домла Сиддиқий ва домла Шакурий билан ҳамкорликда янги мактаблар очади.
Беҳбудийнинг биргина невараси ҳаёт
Музейда Беҳбудий асарлари, чиқарган газеталарининг илк сонлари, ўша даврга оид жиҳозлари мавжуд ижодхонаси, ўзи ташкил этган кутубхона, усули жадид мактабларининг кўриниши, ўша даврларда труппаларнинг тайёрланиши учун саҳнали зал ҳамда Беҳбудийга тегишли бошқа буюм ва ашёлар, шунингдек, Самарқанд давлат университетининг Маҳмудхўжа Беҳбудий меросини ўрганиш илмий-тадқиқот лабораторияси ҳам мавжуд. Жадид бобомиз фойдаланган китоблар, лавҳ, қўл ёрдамида ишлатиладиган литография дастгоҳи эса ўша пайтлар Германиядан келтирилган.
Музейни айланарканмиз, Беҳбудий оиласи билан боғлиқ фактларни кўздан кечирдим. Бугунги кунда у кишининг эваралари, хусусан, Шохруҳ, Заррух Беҳбудийлар ҳақида оммавий ахборот воситаларида кўп маълумотлар берилган. Аммо у кишининг ягона невараси ҳам бугун ҳаёт эканлигини шу музейда билдим. Билдим-у, дарҳол Самарқанд шаҳри Қўштамғали маҳалласи томон йўлга тушдим.
Музей ҳақда бир нохуш ва хушхабар
Ҳали Назирхон Беҳбудий билан суҳбатимни келтиришдан олдин музей ходимларидан сўраб олганим, бир фактни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Бугун мазкур муассаса маърифатпарвар боболаримиз ҳаётини акс эттириб бера оладиган даражада жиҳозланган. Бу ерда амалий дарслар ўтиш учун ҳам яхши имконият бор. Аммо афсуски, шу атрофдаги тўрт-бешта мактабдан ташқари бу ерга бошқа таълим муассасасидан зиёратчилар келмас экан. Ваҳоланки, вилоятда мингдан зиёд таълим муассасалари бор, уларнинг барчасининг дарсликларида жадидлар фаолияти билан боғлиқ мавзу бор.
Музейга оид яна бир янгилик – Беҳбудий хоки қаердалигини аниқлаб, уни шу ерга келтириш ва рамзий қабрини ҳамда бюстини барпо этиш режалаштирилмоқда. Беҳбудий ўлими билан боғлиқ маълумотлар ҳам ўша давр газетасида қайд этилган. Хусусан, Ҳожи Муин Шукруллоҳ «Инқилоб» жаридасида Беҳбудий ҳазратларининг қандай шаҳид бўлгани ҳақида шундай ёзади: "...бек (Қарши беки) Беҳбудий афанди ва йўлдошларини ҳам ўлдурға буюрған ва алар зиндоннинг ёнидаги подшоҳлик чорбоғига юборилгандир. Шунда аларнинг қатллари ўзларига билдурилғон ва ўзлари учун шу ёғда тўрт қабр қоздирулғон. Сўнгра Беҳбудий афанди ва Ёлдош таҳорат олиб, намоз ўқимоқчи бўлғанлар. Лекин шул чоғда раҳимсиз жаллод муовинлари ила етиб келиб, аларни намоз ўқурға қўймағон ва энг аввал Беҳбудий ҳазратларини жойнамоз устида бошини кесган, сўнгра бекнинг хизматкорлари мазкур шаҳидларнинг жасадларини чиқариб, ўзлари қозғон қабрларида кўмганлар ва қабрларини (билинмасун деб) ер ила текис этганлар.”
«Бобомнинг кимлигини мустақиллик туфайли англадик»
Беҳбудийнинг бугун ҳаёт қолган ягона невараси Самарқанднинг қадим маҳаллаларидан бири – Қўшҳовузда истиқомат қилар экан. Дарвоқе, унинг авлодларига юқоридаги уй-музейда яшаш насиб этмаган. Бунинг сабабини англагандирсиз, аммо суҳбат давомида буни айтиб ўтамиз.
Назирхон ота билан суҳбатимиз асосий жиҳозлари боболарининг суратлари туширилган камтаргина хонада кечди.
- Бобом Маҳмудхўжа Бебудийнинг тўрт нафар фарзанди бўлган, тўнғичи менинг отам Маъсудхон, аммам Сурайё, Мақсудхон ва Матлубхон, - дея гапириб беради Назирхон Беҳбудий. – Афсуски, бир ўғиллари ёшлигида, оғир хасталикдан вафот этади, иккинчи ўғиллари урушда бедарак кетади, у кишининг ҳеч бўлмаса қабрини узоқ йиллар изладик, аммо натижа бўлмаганди. Шу тариқа Беҳбудий авлоди тўнғич ўғли Маъсудхон фарзандлари орқали давом этди. Отамнинг тўрт ўғлидан бириман, катта акаларим – Митҳат, Шавкат, Надимхонлар бу фоний дунёни тарк этдилар. Бобом Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг улуғ инсон эканликларини фақатгина филология фанлари доктори, профессор Надимхон акам яхши англаганлар. Илк марта 1983 йилда бобом ҳақида мақола чиққанда жуда ҳайратга тушганмиз.
Билишимча, отам бобомнинг фожиали ҳалокатидан сўнг турли таъқибларга дуч келмаслик учун мана шу ҳовлига кўчиб келиб, яшай бошлаганлар. У кишининг барча мол-мулки мусодара этилган. Ва бобом ҳақида деярли гапирмаганлар, кўча-кўйда оғзимиздан гап чиқиб кетишидан чўчиганлар, шекилли. Отам Маъсудхон бобомнинг тарбиясини олганлар ва ўзлари ёзганларидек, тўрт тилда бемалол сўзлашганлар. Болалиги ўтган ўша уйда уларга махсус ўқитувчилар рус, француз тилларидан дарс берганларини айтиб берганлар. Отам билан аммам Парвинанинг ҳар замон француз тилида сўзлашганларига ўзим ҳам кўп гувоҳ бўлганман. Отам бу ердаги таъқиблардан қочибми, ё бошқа сабабми, Душанбедаги педагогика институтида таржимон бўлиб ишлаганлар. Оиласи, яъни биз, шу ерда, у киши ҳар неча ойда бир келиб кетардилар. Айтишим керак, онам Саида ҳам мактаб кўрган, хат-саводли аёл эдилар. Онамнинг оналари, яъни бувим қизларнинг хат-саводини чиқарганлар, ўзлари Ҳофиз девонларини ёддан билганлар, дейишади.
Уларнинг турмуш қуриши ҳам қизиқ бўлган. Бобом, Маҳмудхўжа Беҳбудий тўнғич ўғли, яъни отамга келин излаганларида онамнинг тоғалари жиянларим бор, истасангиз кўринг, деганлар. Шу тариқа онамга совчи қўйганлар. Бувим, яъни онамнинг оналари аввалига қаршилик кўрсатганлар «Йўғ-а, кофирга қиз бермайман», дея. Буни қарангки, оддий аҳоли орасида маърифатпарвар бобомизнинг жон куйдириб қилаётган меҳнатлари мана шундай маъно касб этган. Катта тоғам Беҳбудий оиласидаги вазиятни тушунтиргач, тўй бўлган. Онамнинг айтишича, бобом, жуда салобатли, тик қараб гапиришга одам ҳайиқадиган киши бўлган эканлар. Қаерга бормасинлар, одамлар у киши билан кўришиш учун беихтиёр ўринларидан турар эдилар, дея эслайдилар у онам.
Отам узоқда кўп бўлганлари учун асосий тарбияни онамдан олганмиз. У кишининг саъй-ҳаракатлари билан бобомнинг номи ҳамон авлодларига муҳрланиб келаётган бўлса керак. Ҳозир чевараларидан бирининг исми Маҳмудхўжа Беҳбудийдир.
Отахон билан гаплашарканмиз, Беҳбудийнинг эвара, чеваралари катта боболари истагандай икки эмас, тўрт тилда бемалол сўзлашаётганидан хурсанд бўламиз. Кичик Маҳмудхўжа эса катта бобосининг издоши бўлса не ажаб?!
***
P/s: Мамлакатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев ўтган ҳафта Республика маънавият ва маърифат кенгаши йиғилишида жадид боболаримиз ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди: “Маърифатпарвар аждодларимизнинг мероси бугун биз қураётган ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти учун пойдевор бўлиб хизмат қилиши табиий.
Бу кимгадир ёқадими ёки йўқми, халқимиз жадид боболаримиз кўрсатиб берган йўлдан оғишмай бориши керак. Чунки уларнинг ғоя ва дастурлари Янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегияси билан ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир".
Мақолага бундан ортиқ хулоса бўлмаса керак. Аммо “Зарафшон” газетаси орқали жадид боболаримиз асос солган маърифат нурлари ҳамон порлаб келаётганида бугуннинг зиёлиларининг ҳам хизмати улуғ.
Гулруҳ Мўминова.