Маҳмудхўжа Беҳбудий ва маориф

Жадидчилик ҳаракатининг сарвари Маҳмудхўжа Беҳбудий замон ва макон хоҳиш иродаси ва талаби билан маънавият саҳнасига чиққан ва ўчмас из қолдирган сиймодир. У ўз даврининг ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаракатларида фаол қатнашган йирик намояндаси, янги замон ўзбек адабиётининг асосчиларидандир.

Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йилнинг 19 январида Самарқанд яқинидаги Бахшитепа қишлоғида дунёга келган. Отаси Беҳбудхўжа Солиххўжа ўғли туркистонлик, она томондан бобоси Ниёзхўжа урганчлик бўлиб, 1880 йилларда Самарқандга келишган.

Ўтган аср бошларида замонавий мактаб ғояларини тарғиб қилиш, кенг омма олдига олиб чиқиш анчайин мушкул замонда Маҳмудхўжа Беҳбудий сингари жадидларимиз ўз ҳисобларидан мактаблар очди. Ёш авлодни саводли қилиш, ҳақ-ҳуқуқларини билиш, дунё ҳамжамияти саҳнасига олиб чиқиш йўлида хизмат қилди.

Айтишларича, кўҳна Самарқанднинг Намозгоҳ жоме масжиди атрофида Маҳмудхўжа Беҳбудий аждодларига қарашли кенг ва обод боғ бўлган. Катта ҳудуддаги олмазор ва токзорга, албатта, Самарқанднинг иқлими ижобий таъсир кўрсатган. Боғдан келган даромадни Маҳмудхўжа самарқандлик болалар учун дарсликлар олиш, янги мактаб қурилиши ва зарур жиҳозлар билан таъминлаш учун сарф қилган.

«Усули жадид» , «Усули савтия» номлари билан шуҳрат топган мактаблар учун адабиёт, жуғрофия, ислом тарихи каби дарсликлар ёзган. Мактабларда шеър ва мақолалар, саҳна асарлари орқали миллий онгни шакллантиришга, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини сингдиришга уриндилар. Замон талабига мос равишда Туркистон мусулмонларининг шаъну-шарафини ҳимоя қилдилар. Ўша таҳликали замонда Маҳмудхўжа Беҳбудий ёзади: «Янги мактаб ва муаллимлари ва анда ўқилатурғон мактабларни маънан тафтиш этиш, андаги нуқсонларни баён этмоқ танқиддир. Тааруз (хужум)

Ва душманлик эмас, агарда шахсиятга тукунмаса…»

Тарихдан маълумки, босқинчи томон маълум бир ҳудудни босиб олиш, ҳукмронлик қилиш, бойлигини талаш учун аввал шу ҳудуддаги илмли, миллий тараққиётни ўйлайдиган кишиларни йўқ қилган. ХХ аср охирларида, хусусан, 1868 йилда Самарқандга ҳам ҳужум қилган рус қўмондонларининг асосий мақсадлари маҳаллий халқни талашдан иборат бўлган. Бунинг учун эса халқнинг тилини, тарихини, динини йўқотишга ҳаракат қилинган. Сохта ваъдалар, сохта пуллар, сохта амаллар орқали халқни алдаб ўз ҳудудларини кенгайтиришган. Маҳаллий халқ замонавий ва мустаҳкам қуролланган рус қўшинларига қарши кетмон, белкурак, шу билан бирга мустаҳкам ирода, ғанимларга қарши буюк нафрат билан курашга отланишган. Бундай тўқнашувнинг оқибатини олдиндан сеза олган Маҳмудхўжа Беҳбудий «мактабларда ўқитуладирғон китоблар»ни маънан тафтиш қилди.

Минглаб йиллардан бери ўз турмуш тарзи, маданияти, миллий-урф одатларига эга бўлган халқни «маданийлаштириш» учун янги « туземный» мактаблар очилди. Бошқача таҳсил олишни хоҳловчи ўқувчилар онгига янги усулдаги диний ва дунёвий билимлар сингдирила бошланди. Мактаб ва ўқувчилар тақдири келажакда некбахтлик ва гўзал амаллар ваъда берадиган миссионерлар қўлига топширилди.

«Бу мактабларга зохиран мусулмон муаллими тайин етиб, анга 15 сўмдан 25 сўмгача вазифа берардилар. Албатта, бу пулга ҳеч муқтадир киши муаллимлик қилмас эди. Дигар тарафдан хуфя приказлар ила бу мактаблардаги мусулмон болаларини оз таълим бермоғга ва бақадриимкон амрини зоих ва ўзини ҳайвон қилмоққа фармойиш қиладилар», деб куйиниб ёзади Маҳмудхўжа Беҳбудий.

ХХ аср охирида бир ҳисори қўйнинг нархи 20-30 сўм, бир кийимлик «ипаклик атлас аълолари» 2 сўмдан 30 сўмгача бўлганини ҳисобга олсак, муаллимларга берилаётган ойлик тайинлари маълум бўлади.

Россия Муваққат ҳукуматининг Туркистон комиссари Куропаткиннинг сўзларига кўра ўлкани қўлдан бермаслик, табиий ва моддий бойликларига тўла ҳукмрон бўлиш учун бор куч-ғайратларини ишга солди. Мустамлакачилар аҳолини 50 йил маърифатдан четда сақлаб келди. Халқ орасида турли иғво тарқатиб, ўзаро бирдамликни бузди. Халқнинг бирлашишига, иттифоқ бўлишига тусқинлик қилди.

Аср бошида Тошкент, Фарғона, Самарқанд шаҳарларида янги мактаблар ташкил топди. Ибрат, Мунавварқори, Авлоний, Сўфизода, Саидризо Ализода номлари тилга туша бошлади.

Беҳбудий 1903 йилда Самарқанд атрофидаги Ҳалвойи қишлоғида домла Сиддиқий, Ражабамин қишлоғида устоз Шакурий билан ҳамкорликда мактаблар ташкил қилади. Янги мактаблар учун дунёвий дарсликлар тузишга киришади. 1904 йилда «Рисолаи асбои савод», 1905 йилда «Рисолаи жуғрофияи умроний», «Рисолаи жуғрофияи Русий», 1908 йилда «Китобат-ут атфол», «Амалиёти ислом» , 1909 йилда «Тарихи ислом» каби китоблари пайдо бўлади.

1903 йилда Ҳалвойи қишлоғида қурилган мактаб биноси ҳозир ҳам сақланиб келмоқда. Шакурий мактабини эса Беҳбудий 1908 йилда Самарқанддаги ўз ҳовлисиги кўчириб келган.

«Самарқандий Мулло Абдулқодир шаҳардан уч чақирим ташқаридаги ўз ҳовлисида усули жадид мактаби очган эдики, болаларнинг шаҳардан бориб келиши кўп мушкуллиги учун ман, роқими хуриф Маҳмудхўжа муфти жаноб баланд даражалик Самарқанд губернатори ва полицмейстерини олиб бориб, кўрсатиб ва шаҳарга ўз ҳовлимга кўчуриб келдим», деб ёзади Беҳбудий.

Бу ҳақда ўлкадаги илк «Самарқанд» газетасининг иккинчи сонида мақола чоп этилгандан кейин самарқандлик бойлар Мулло Муҳаммад Раҳимбой, Мулло Жўрабой ва бошқалар маблағ ила қўшиш қиладилар. Кимдир ақча, кимдир жома…

Маълумки, 1899-1900 йилларда Беҳбудий бухоролик зиёли Ҳожи Бақо билан ҳаж сафарига чиқади. Байтуллога Кавказ, Истанбул, Миср давлатларини зиёрат қилиб боради. Бу сафар ҳижрий сананинг 1318 йилида бошланган бўлиб, саккиз ой давом этади.

Саёҳат давомида «Қасди сафар» асарларини ёзиб, ҳар бир давлатнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий ва албатта мактаб ҳаётини ўрганди. Ислоҳ қилиб, янги мактаб ҳақидаги қарашларини мустаҳкамлайди.

Айниқса Европада бошланган ва Россияда давом этган жадидчилик ҳаракатини ўрганиш, Туркистонда ҳам янги йуналишдаги мактаб, маориф, маданиятни тарғиб қилиш мақсадида Исмоилбек Гаспирали ишини давом эттиради. 1903-1906 йилларда Москва, Санкт-Петербург, Нижний Новгород, Уфа, Қозон шаҳарларида бўлиб, турмуш ва маданият муаммоларига бағишланган қурултойда иштирок этади, нутқ сўзлайди.

Ростовда мусулмонларнинг мактаблари фаолиятини ўрганади. Бизда ҳам мактаб фаолиятини такомиллаштириш борасида мақолалар ёзади. «Мунтазам равишда расадхона, кимёхона, ташрих ва жарроҳи ва ҳикмат хоналари бордур». Англаш мумкинки, мактабларда диний таълим билан биргаликда дунёвий илм ҳам берилишига катта эътибор қаратилган.

Маҳмудхўжа Беҳбудий ва унинг сафдошлари мамлакат аҳолисини ўқимишли қилиш, ҳақларини таниш, боболардан мерос муқаддас тупроқ душман қўлида топталмаслигини хоҳлади, мард ўғлонлар, дилбар қизлар кўзларида маъюс нигоҳни кўришни истамади. Афсуски, ана шу ҳидояткорона фикрлари ва сўзлари учун ҳукуматга ёқмади.

1919 йилнинг 25 мартида Беҳбудий Қарши чўлларида қўлга олинади. Доимий курашлардан иборат ҳаёти даҳшатли якун топаётганини сезган Беҳбудий васият ёзади: «Сизларга васият қиламан. Маориф йулида ишлайдурғон муаллимларнинг бошини силангизлар!»

Дилафруз РАҲМАТОВА.