Мажбурий меҳнат илдизи қаерда?
Мана, бугунги кунда ўқитувчи ва шифокорларни, ўзи умуман барчани мажбурий меҳнатга жалб этмаслик сиёсати кун тартибида бўлиб турибди. Аммо айрим раҳбарлар мажбурий меҳнатни фақат пахта териш деб тушунади. Пахтага олиб чиқмасам бўлди, ҳаммаси жойида деб ўйлайди. Яъни корхона, маҳалла, кўча-куй ҳовлисини супуриш, ёввойи ўтларни юлиш, ерни юмшатиш, боғбонлик, фаррошлик каби ишларни эса оддий ҳол деб қабул қилишади. «Оқ ҳалатли ҳамшира шифохона ҳудудидан чиқмаса бўлди, ичкарида ҳаммаси мумкин» деган ақида кўп учрайди.
Кимдир эътироз билдирса, «ўз уйимизни сизу биз тозаламасак, ким тозалайди» деб узундан-узун маъруза ҳам қилишади. Лекин «биз ҳовлини супурсак, беморларга ким қарайди, ўқувчиларга ким дарс беради, фаррошларми?» деб савол бериб кўрингчи, жавобига иш ҳақидан қирқиш ҳақида таҳдид эшитасиз.
Бир нарсани унутмаслик керакки, ватан остонадан бошлангани каби, мажбурий меҳнат ҳам ташкилот ҳовлисини супуришдан бошланади. Бу ерда ҳашар, ўзбекчилик, азалий қадриятлар ҳақида гап бўлмаслиги керак. У мутлақо бошқа мавзу.
Аммо танганинг иккинчи томони ҳақида гапирмоқчиман. Иш берувчиларнинг зорланишига ҳам асос бор, айрим шифохона ёки таълим муассасаси ҳудуди 3-4 гектар, лекин бюджетдан фаррош, боғбон лавозимларига саноқли штат ажратилади, уларнинг ойлиги ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Ҳудуд салмоғи ва штатлар сонида катта номутаносиблик бор.
«Биз тозаламасак, ким тозалайди?» деган саволнинг бошқа мазмуни ҳам шунда. Яъни ободонлаштириш учун штатларга етарли маблағ ажратилмайди. Шу сабабли улар мажбур бўлишадики, ўз қўл остидагиларини ялиниб, ёлвориб, дўқ уриб, қўрқитиб ишлатишга...
Биз иш берувчилардан мажбурий меҳнатга йўл қўймасликни талаб қилишдан олдин шароитни ҳам тўғрилашимиз керак.
ТАКЛИФИМ:
«Агар штатларни кўпайтиришни ҳозирча давлат бюджети кўтармайди», дейишадиган бўлса, унда ҳақ тўланадиган жамоат ишлари учун йилига ажратилаётган 714 миллиард сўм маблағни шу мақсадга йўналтириш керак. Яъни ҳудуди катта, лекин техник штати кам бўлган ташкилотларни ободонлаштириш ишларига айнан ишсиз қатламни йўналтириб, уларга жамғарма ҳисобидан иш ҳақи берса бўлади. Шундоқ ҳам бу пуллар ишлатилмаётгани айтилган эди.
Шунда сих ҳам куймайди, кабоб ҳам. Ишсизлар ҳам даромадли бўлишади, иш берувчилар ҳам ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилишдан қутулишади. Ҳокимлар ҳам ҳамма ёққа бюджет ташкилоти ходимларини сафарбар қилавермасдан, мана шунақа альтернатив вариантларни қидиришса яхши бўларди, деб ёзмоқда ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев.