Мактаб директори ўринбосарларига PISA халқаро баҳолаш тестлари ҳақида тушунча берилди

Самарқанд шаҳридаги 23-умумий ўрта таълим мактабида шаҳар халқ таълими муассасалари директорларининг ўқув-тарбиявий ишлар бўйича ўринбосарлари учун ўқув-семинар ташкил этилди.

Семинарда “Табиий фанларнинг ўқитилиши, PISA халқаро баҳолаш тестларидан фойдаланиш усули” мавзусида маърузалар тингланди. Таълим сифатини баҳолашнинг миллий тизими, ўқувчилар билимини шаффоф ва аниқ мезонлар асосида баҳолашни такомиллаштириш, PISA орқали ўқувчиларнинг ўқув дастурлари ва адабиётларда берилган маълумотларни хотирада қай даражада сақлаб қолаётганлигини ўрганиш, эгалланган билимларини ҳаётда қўллай олишини баҳолаш, ўқувчиларнинг мантиқий ва ижодий фикрлашини ўрганиш масалалари юзасидан тушунчалар берилди.

Тадбир давомида PISA халқаро баҳолаш тестларининг мазмуни, амалиётдаги фойдаси ҳақида очиқ дарслар ҳам ташкил этилди.