Мактаб иши – халқ иши
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг саксонинчи сессияси ўтказилди.
Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарди.
Видеоселектор тарзида ўтказилган сессияда депутатлар билан бирга кун тартибидаги масалаларга алоқадор идора ва ташкилотлар масъуллари, таълим соҳаси раҳбар ва ходимлари ҳам иштирок этди.
Сессияда 2022 йил 29 декабрь куни давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев иштирокида “Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг якка-ю ягона тўғри йўлидир!” мавзусида ўқитувчи-мураббийлар билан ўтказилган учрашувда белгилаб берилган вазифалар ҳақида сўз юритилди.
– Учрашувда мактабларда таълим сифати ҳамда жамиятда ўқитувчи касби нуфузини ошириш, муассасалардаги шароитни яхшилаш 2023 йилдаги энг асосий вазифаларимиз бири бўлиши белгилаб берилди, – деди Э.Турдимов. – Бунинг учун давлат томонидан нимаики зарур бўлса, барчаси таъминланади. Маҳаллий бюджетдан ҳам соҳага йўналтириладиган маблағ миқдори бу йил ҳар йилгидан анча кўп бўлади. Шу кунга қадар мактаб ўз масалаларини ўзи ечади, деган қараш ҳукмрон бўлган. Кучлар, фикрларнинг бирлашмаслиги хатолигини замоннинг ўзи кўрсатмоқда. Маҳалла, хотин-қизлар, ёшлар фаоллари таълим тизими муаммоларини биргаликда ҳал этиб, таълим тараққиётига эришишда ҳамкорлик қилишлари зарур.
Учрашувда белгиланган вазифалар, мамлакат тақдири билан боғлиқлиги юртимиздаги ҳар бир ўқитувчи, ота-она бундан хабардор бўлиши, масъулиятни ҳис этиши керак.
Бизда боланинг билим олишида ота-оналарнинг масъулияти деярли сезилмайди. Ота-она бозор иқтисодиётини рўкач қилмай, нуқул моддий манфаат ортидан қувмай ўз фарзандининг тарбияси ва билим олиши билан ҳам жиддий шуғулланиши шарт.
Муаллимни айблаш осон бўлиб қолди. Бунинг акси бўлиши, ҳар бир ота-она билан мактаб ўртасида шартнома имзоланиши, ушбу шартномада ота-онанинг болага тарбия бериш ва билим олиши учун шароит яратиш борасидаги мажбуриятлари алоҳида белгилаб қўйилиши керак.
Ҳар бир болага индивидуал ёндашиш, унинг истеъдодини рўёбга чиқаришга ҳаракат қилишимиз лозим. Бунга нафақат мактаб, балки бутун жамият масъул.
Ота-оналар мактабга бориши, фарзанди таълим-тарбияси билан шуғулланиши керак. Буни фақат ўқитувчи зиммасига ташлаб қўйиб бўлмайди.
– Мактаб таълими соҳасидаги бугунги ислоҳотлар замирида ўқитувчини улуғлаш масаласи ҳам турибди, - деди вилоят ҳокими. - Жамиятда ўқитувчи касби энг нуфузли ва обрўли касб бўлиши лозим. Муаллимларимиз болаларга сифатли таълим бериш ва ўз устида ишлашдан бошқа нарса ҳақида ўйламаслиги учун барча шароитларни яратиб беришимиз зарур. Ўқитувчига ҳурматсизлик – бу халқимизга, жамиятимизга ҳурматсизликдир.
Сессияда Самарқанд давлат университети ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов, вилоят Кенгаши депутати, Каттақўрғон туманидаги 20-умумий ўрта таълим мактаби директори Зайнаб Бердиева, Каттақўрғон шаҳридаги 12-умумий ўрта таълим мактаби директори Наталья Петрова, Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори Илҳомжон Тўхтасинов, Самарқанд шаҳар Каттаариқ маҳалла фуқаролар йиғини раиси Меҳриддин Орипов ва бошқалар сўзга чиқиб, масала юзасидан ўз таклифларини билдирди.
Атрофлича муҳокамадан сўнг давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар асосида вилоятда таълим сифатини ошириш юзасидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш юзасидан қарор қабул қилинди.
– Мактабларда миллатимизнинг эртанги куни улғаяётганлигини унутмаслигимиз керак. Мактаб иши бутун халқ иши эканлигини англаб етмоғимиз зарур, яъни таълим сифатини ошириш фақатгина педагогларнинг иши эмас, шу жамиятда яшаётган барчамизнинг вазифамиздир, - деди Э.Турдимов.
Сессияда Кенгаш ваколатига тегишли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, қарорлар қабул қилинди.